Ўзбекистон | 17:19 / 05.03.2020
8167
4 дақиқада ўқилади

«Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» йўлининг бир қисми ОТБ иштирокида реконструкция қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: webnovosti.info

Қайд этилишича, қуйидагилар:

а) Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан белгиланган тартибда “А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасининг умумий қиймати 383,4 млн. АҚШ доллари бўлган техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилган;

б) 2019 йил 12-20 сентябрдаги Осиё тараққиёт банкининг миссияси ташрифи якуни тўғрисидаги икки томонлама келишувга асосан Осиё тараққиёт банки томонидан лойиҳани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга 274,19 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз битимини тақдим қилиши, бунда ушбу маблағлар:

4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, қайтариш муддати 24 йил бўлган Осиё тараққиёт банкининг 248,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги оддий капитал маблағлари ҳисобидан ҳамда 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, қайтариш муддати 24 йил бўлган Осиё тараққиёт банкининг 26,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши;

Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши 109,2 млн. АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида 81,4 млн. АҚШ долларини ташкил этиши;

лойиҳанинг амалга ошириш муддати 6 йил (2 йил кафолат даврини ҳисоблаган ҳолда 2020-2025 йиллар) этиб белгиланган.

Белгилаб қўйилишича:

“Автойўлинвест” агентлиги лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

Осиё тараққиёт банкининг қарзини қайтариш, шу жумладан, фоизларни тўлаш, комиссия тўловлари ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар Ўзбекистоннинг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қуйидагилар:

“А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

“А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 км (240 км) қисмини реконструкция қилиш” лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банкининг оддий капитал ва имтиёзли маблағлари бўйича қарзни қайтариш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадваллари тасдиқланди.

Молия вазирлиги Ўзбекистон номидан лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги қарз битимини, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси эса лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банки билан лойиҳавий битимни тузадилар.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса беради.

Белгиланишича:

Осиё тараққиёт банки билан тузиладиган қарз битими кучга киргунга қадар Лойиҳани амалга ошириш гуруҳини сақлаш харажатлари 2020 йилда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

Қурилиш вазирлиги томонидан икки ой муддатда реконструкция қилинаётган А380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўли бўйида замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, турар жойлар ва ҳордиқ чиқариш масканларини назарда тутган лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасида ҳимоя қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид