Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бутун бошли тўғонда бор-йўғи 3 киши ишлайди» - Испаниядаги Вадомохон сув омбори раҳбари билан суҳбат
Қадим замонлардан буён одамлар тошқинларга қарши курашиш ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш учун оддий халқ "тўғон" деб атайдиган сунъий гидроиншоотлар қуриб келишган. Улардан дастлабкилари бир неча минг йил олдин Месопотамия ва Яқин Шарқда бунёд этилган. Агар илк тўғонлар баландлиги беш метрдан ошмаган ибтидоий иншоотлар бўлган бўлса, 19 аср охирида сувдан электр энергиясини ишлаб чиқариш ғояси пайдо бўлганидан кейин уларнинг аҳамияти ҳам, ўлчамлари ҳам сезиларли даражада ошди.

International Rivers маълумотига кўра, бутун дунё бўйича 57 мингдан ортиқ катта тўғон бўлиб, улар орасида энг каттаси Хитойнинг асосий сув томири - Янцзи дарёси бўйида жойлашган “Уч дара” тўғонидир. Бу улкан иншоот шунчалик йирикки, у максимал даражада тўлдирилган вақтда 39 миллиард тонна сувни ўз ичига олади, бу Ернинг айланиш инерцияси ўзгаришига олиб келади. Натижада кун 0,06 микросекундга узунроқ бўлади.

Йирик тўғонлар доимо қўриқланадиган стратегик объект ҳисобланади ва бу тушунарли, чунки улар ўпириладиган бўлса нафақат суғориладиган далалар, балки дарёнинг қуйи оқими бўйлаб яшайдиган инсонлар ҳам хавф остида қолади.
Қайд этиш жоиз, техника ва технология ривожланиши билан инсон ресурсларига эҳтиёж камаяди. Масалан, Вадомохон сув омбори (Гвадалквивир дарёси, Испания) тўғонида атиги 3 киши ишлайди, доимий қўриқчилар эса йўқ.

Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган UzWaterAware сув масалаларидан хабардорлик лойиҳаси доирасида журналистлар ва Ўзбекистондаги тегишли давлат идоралари матбуот хизматлари ходимлари Испанияда бўлиб, у ерда, жумладан Гвадалквивир дарёсининг асосий тўғонларидан бири – Вадомохонда олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Сув омбори 1993-1997 йилларда қурилган. Бугунги кунда у нафақат суғориш, балки энергетик аҳамиятга ҳам эга. Дарёнинг табиий оқимини сақлаб туриш учун сув оқими 250 л / сек миқдорида бўлади. Тўғоннинг техник директори Педро Эскрибанонинг сўзларига кўра, сув омбори ҳудудида доимий қўриқчилар йўқ, уни маҳаллий полиция қўриқлайди.

"Тўғри, вақти-вақти билан қандайдир кабел йўқолиб қолади, аммо биз учун доимий қўриқчиларни ёллашдан кўра кабел сотиб олиш ва ўрнатиш осонроқ. Биз қишлоқ хўжалиги ҳудудида жойлашганмиз ва бахтимизга, одамлар ушбу гидроиншоотнинг қиймати ва аҳамиятини тушунишади, шунинг учун бундай нохуш ҳолатлар кам бўлади. Ўтган йилдан бошлаб тўғон ҳудудида видеокузатув тизими ўрнатишни бошладик ", - дейди Педро Эскрибано.
Иш тугагач, ходимлар эшикларни қулфлаб, уйларига кетадилар. Агар бегона одам тўғон ичкарисига кириб, бошқарув панелига етиб борса ҳам, ҳеч нарса қила олмайди, чунки тизим икки томонлама ҳимояга эга, дейишди гидроиншоот ишчилари.

"Агар бошқарув панелидаги мана бу тугмаларни боссангиз, ҳеч нарса бўлмайди. Бошқарув икки ходим томонидан амалга оширилади, бири бу ерда бўлиши керак, иккинчиси юқорида - марказий бошқарув пультида. Сигнал марказий бошқарув пультидан берилади ва фақат иккинчи ходим тугмачани босиб ҳаракатни тасдиқлаганидан кейин сув чиқиши юз беради. Бу худди баллистик ракеталарни учириш сингари - бир киши ҳеч нарса қила олмайди. Бу ҳам хавфсизлик чораларидан биридир”, - дейди Эскрибано.

Севильяда жойлашган ҳавзаларни бошқариш марказида реал вақт режимида ушбу сув омбори тўғрисидаги барча маълумотларни кўриш мумкин. Шунингдек, мобил телефонлар учун махсус илова ишлаб чиқилган бўлиб, унда тўғонга оид маълумотларни кузатиш ва узатиш мумкин, яъни бошқарув тизими максимал даражада автоматлаштирилган.
Эскрибанонинг таъкидлашича, ушбу ҳудудда жойлашган тўртта сув омборига жами олти нафар техник ходим хизмат кўрсатади. Таққослаш учун, Ўрта-Чирчиқ ГЭСлар каскадида жами 350 киши ишлайди.

"Уч гидроэлектростанция: Чорвоқ, Хожикент ва Ғазалкентда 350 киши ишлайди, яна икки ишчи ГЭС ҳудудида 24 соат давомида навбатчилик қилади. Биз буни Ўрта-Чирчиқ ГЭСлар каскади деб атаймиз”, - дея гидротехник иншоотлардан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича муҳандис Анвар Ўрозовдан иқтибос келтиради Kun.uz мухбири.
Вадомохон раҳбари Педро Эскрибанонинг қайд этишича, тўғонни бошқариш тизимини унинг дизайни ва ёшидан қатъи назар ҳар доим модернизация қилиш мумкин - бу фақат маблағ билан боғлиқ.
"Масалан, тўғонни бошқаришни автоматлаштириш учун зарур бўлган ускуналарнинг аксарияти бизда (Испанияда) ишлаб чиқарилади, фақат бир қисми импорт қилинади", дейди Эскрибано.




Жамшидхон Зиёхонов.
Мавзуга оид
15:15 / 16.06.2026
Африкача мастер-класс: Кабо-Вердедан нималарни ўрганиш керак?
08:51 / 03.06.2026
Сурхондарёда сув омборида қайиқ ағдарилиши оқибатида бир фуқаро чўкиб кетди
09:12 / 27.05.2026
Ўзбекистонда 5 та сел-сув омбори қурилади
09:01 / 25.05.2026