Жамият | 13:12 / 06.03.2020
14637
2 дақиқада ўқилади

Тарих саҳифаси: 79 йил аввал Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ташкил топган

Бундан 79 йил олдинги хабарни ҳавола қиламиз.

Андижон Давлат архиви томонидан тақдим қилинган маълумотда СССР Олий совети президиумининг 1941 йил 6 мартдаги қарорига асосан Андижон, Наманган, Сурхон-Дарё областлари тузилиши ҳақидаги Қарори эълон қилинган «Коммунист» газетаси сурати мавжуд. 

Андижон Давлат архиви ходимлари яна қуйидаги маълумотларни беришди:

«Бундан 79 йил аввал, яъни 1941 йил 6 март куни Андижон вилояти ташкил топган. Ўшанда ҳудудда Андижон ва Ленинск шаҳарлари, Андижон, Балиқчи, Ворошиловск, Жалақудуқ, Избоскан, Ленинск, Марҳамат, Ойим, Олтинкўл, Пахтаобод, Сталин, Хўжаобод туманлари бўлган.

Кейинчалик Ойим, Жалақудуқ ва Ворошиловск туманининг бир қисми бирлаштирилиб, Қўрғонтепа тумани ташкил этилган. Ворошиловск туманининг қолган қисми Ильичевск туманига ўзгартирилган. Сталин тумани аввалига Москва, кейин Шаҳрихон тумани деб аталган.

1991 йил 29 октябрдан эса Ленин тумани Асака тумани номини олган.

Бугунги кунда Андижон вилояти шимолий-шарқдан ва жанубдан Қирғистон Республикаси, ғарбдан Фарғона ва шимолий-ғарбдан Наманган вилоятлари билан чегарадош.

Таркибда 2та вилоятга ва 9та туманларга бўйсунувчи шаҳарлар, 14та туман, 5та шаҳарча, 868та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд.

Асос: Андижон вилоят Давлат архиви, Фонд-608, р-1, йж-3»

 

Мавзуга оид