Жаҳон | 21:43 / 07.03.2020
9369
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Исроилда 1000 дан ортиқ аскар текширувдан ўтказилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, шу кунга қадар Исроилда коронавирус билан боғлиқ 19 та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг ҳеч бирида ўлим қайд этилмаган.

Фото: AFP

Исроил мудофаа қўшинлари (IDF) нинг 1262 аскари COVID-19’ни юқтириб олган одамлар билан яқин алоқада бўлганликлари ҳақида гумон қилинганидан сўнг улар карантинга ўтказилган эди.

Камида 189 нафар аскар аллақачон карантиндан қайтарилган ва улардан фақатгина бир нафари ушбу инфекцияни юқтириб олганлиги тасдиқланди.

Исроил мудофаа кучлари келгусида COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўлидан келадиган барча ишларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, чет эл сафарлари ҳамда “US European Command”нинг “Juniper Cobra 20” машғулотлари доирасида ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий тайёргарликлар ҳам номаълум муддатга қолдирилган.

“Бу қарор Исроил соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 бўйича яқинда қабул қилинган кўрсатмаларига ва барча иштирокчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган эҳтиёт чораларини кўзда тутади”, дейилади “ US European Command” баёнотида.

Айни вақтга келиб, ушбу вирусни дунё миқёсида 100 мингдан ортиқ одам юқтириб олган бўлиб, улардан 3497 нафари вафот этган.

Мавзуга оид