Пахта яккаҳокимлиги ва Оролнинг қуриши

1960-йилларда Марказий Осиё республикаларида кўплаб чўллар ўзлаштирилиши, янги каналлар ва сув омборлари қурилиши Амударё ва Сирдарё сувининг Оролга етиб боришини камайтиради. Натижада унинг сатҳи пасая бошлайди.

Албатта, Оролнинг қуриб бораётгани кенг жамоатчиликдан яшириларди. Биладиганлар эса бу ҳақда на гапирган, на бирор ерда ёза олган. 1980-йилларга келибгина одамлар Орол қуриётгани ҳақида хабар топди. Бу вақтда денгизнинг ярми қуриб бўлган ва ҳақиқий ҳолат ҳақида фақат Орол атрофида яшаётганлар биларди...

Собиқ иттифоқ учун Марказий Осиё республикалари, айниқса Ўзбекистонда етиштириладиган пахта стратегик даражага кўтарилган муҳим хомашё эди. Собиқ иттифоқнинг енгил саноати учун миллионлаб тонна пахта толасини Ўзбекистон етиштириб берарди. Пахта кўп сув талаб қиладиган ўсимлик бўлгани сабаб у экиладиган майдонларнинг ва ҳосил режасининг йилдан-йил кўпайтириб борилиши охир-оқибат минтақада сув муаммосини келтириб чиқарарди.

Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш: илк лойиҳалар

Оролнинг суви камайиб бораётган вақтда Марказ (яъни Москва) Сибирдаги Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Марказий Осиёга оқизиш режасини туза бошлайди. Аслида Сибирь дарёларининг сувини бу ҳудудга буриш бўйича фаразлар ХIХ асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган. 1868 йилда Киев университети битирувчиси Яков Демченко Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Орол-Каспий пасттекислигига оқизиш режасини ишлаб чиққанди.

1871 йилда Демченко «Қўшни давлатлар иқлимини яхшилаш учун Орол-Каспий пасттекислигини сувга бостириш» номли китобини чоп эттиради. Ўша пайтда бу ишга эҳтиёж йўқ эди. Шунингдек, уни амалга оширишнинг иложи бўлмагани учун режа қоғозларда қолиб кетади.

Орадан ярим асрдан ошиқроқ вақт ўтиб, 1948 йилда россиялик географ, академик Владимир Обручев Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш ҳақида Сталинга хат ёзади. Сталин бу режани эътиборсиз қолдиради.

1950-йилларда қозоғистонлик академик Шафиқ Чўқин бу масалани яна кўтариб чиқади. Унинг чизмалари асосида бир неча лойиҳа институтлари дарёларни турли йўналишлар бўйлаб оқизиш лойиҳасини тайёрлашади.

1960-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Қозоғистонда жуда катта ҳудудлар ўзлаштирилиши оқибатида Амударё ва Сирдарё сувларини қишлоқ хўжалиги учун сарфлаш бошланади. Оқибатида Орол денгизига сув бориши кескин камайиб кетади. Шундан сўнг Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш масаласи жиддий мавзу сифатида яна кун тартибига чиқади. Тошкент, Олма-Ота, Москва ва Новосибирскда шу мавзуда бир неча марта йиғилишлар ўтказилади.