Фермер хўжалиги ва кластер: олтин ўрталик қаерда?
Бир муддат аввал сайтимиз орқали «Кластер»: У Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ўнглай оладими?» сарлавҳаси билан интервью эълон қилинган эди.
Унда «Ўзтўқимачиликсаноат» раҳбари Илҳом Ҳайдаров Ўзбекистонда фермерларнинг ери кластерга бирлаштирилиши важи билан тортиб олингани, кластерлар ва бу тизимга ўтишдаги плюс-минуслар борасидаги саволларимизга жавоб қайтарган эди.
Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми тақдим этилади.
«Кластер тизимига нисбатан «ёмон» деган сифатни эҳтиёткорлик билан ишлатиш керак»
– Дейлик, фермер етиштирилган пахтани кластерга сотди. Бу ерда фермер учун етиштирилган маҳсулотдан олинадиган иккиламчи маҳсулот: мой ва ем жуда муҳим. Хўш, фермер ва кластер ўртасидаги бу масала қандай ечилади? Иккиламчи маҳсулотлар фермерга қайтариладими?
– Сиз пахтадан олинадиган иккиламчи маҳсулотларни фермерга қайтариш масаласига урғу бердингиз. Ўтган йили бу маҳсулотлардан олинган даромад фермерга ҳам бўлинди. Бу орқали фермерга шрот ва шелуха маҳсулотларини ўзининг чорва хўжаликларига ишлатишга имконият берилди.
Бунда иккиламчи маҳсулотни бўлиш бўйича фермер ва кластер ўзаро келишади.
Мен суҳбатимиз орқали ўқувчиларга етказишни хоҳлардимки, бу тизим ҳали яхшиланиб боради.
Тизимга ёмон деган таърифни эҳтиёткорлик билан ишлатишимиз керак. Қолаверса, тўқимачиликда бизга нисбатан йиллар давомида мажбурий меҳнат борасида эътироз бўлиб келди. Кластер тизими мажбурий меҳнат борасида эътирозларни олиб ташлайди.
Кластерлар орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг энг янги техника-технологиялари кириб келмоқда. Айтмоқчиманки, бу ерда катта манфаат бор. Қишлоқ хўжалиги катта даромадли соҳага айланади.
«Шундай кунлар келадики, фермер қайси кластер билан ишлашини ўзи ҳал қилади»
– Ҳозиргача фермерлар ерга ишлов бериш, ўғит солиш каби ишлар учун йил бошида Молия вазирлиги қошидаги жамғармадан кредит олиб келади. Эндиликда фермерлар тўғридан-тўғри кластерлар билан шартнома қилади. Янги тизим бўйича кластерларнинг фермерларга аввалдан тўлов қилиш тартиби сақланиб қоладими?
– Президент Шавкат Мирзиёев кластер тизимини илгари сураётганда бизнинг олдимизга молиявий барқарорликни яратиш вазифасини қўйган эди. Яъни қишлоқ хўжалигида молиявий барқарорлик бўлиши керак.
Унга кўра, фермер ўз вақтида маблағни олиб, ўз вақтида ерга керакли ишловни, ўғитни бера олиши керак.
Бу тизимга ўтаётганда шундай маслаҳатлашувлар бўлганди. Унга кўра, икки хил таклиф билдирилди. Биринчиси, пул маблағларини тўғридан-тўғри фермерга бериш. Бошқа бир тараф айтдикки, йўқ, пулни кластер орқали фермерга етказганимиз манфаатлироқ бўлади.
Айтмоқчиманки, иккала қараш ҳам ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эга.
Шундай кунлар келадики, фермер қайси кластер билан ишлашини ўзи ҳал қилади. Юқорида айтганимдай, бир ёки икки йилда кластерга етарли хулосани бериб бўлмайди.
Айрим кластерлар яхши ишлаётганини кўриб, фермерлар: «Мен мана шу кластер билан ишлайман. Бу кластер менинг молиявий таъминотимни кўтара олади ва керак бўлса, менга ҳар доим елкадош бўлади», дейдиган бўлади.
Бунда шаклланган бозор бўлиши керак. Анархия бўлиши керак эмас. Масалан, февраль ёки куз ойларида икки томонлама тузилган шартномага икки томон ҳам амал қилиши керак.
Қандайдир ўзгаришлар бўлса, йилига бир марта бўлиши керак. Чунки йил ўртасида бўлиб қоладиган ўзгаришлар соҳага киритилаётган ўзгаришларни ҳам салбий кўрсатиб қўяди.
«Кластерни монополия дейишдан мутлақо йироқман»
– Ўзбекистонда аҳолининг кўплаб норозиликларига қарамасдан ҳамон сақланиб қолаётган монополиялар бор. Жумладан, соҳа ичидаги айрим кишилар бутун бир туман қишлоқ хўжалигининг бир шахс, бир корхона (кластер)га тўпланиши монополиянинг яққол кўриниши эканлигини айтишади. Кластерлар монополияни кўриниши эканлиги борасидаги танқидларга қандай қарайсиз?
– Кластерларга нисбатан бундай хулоса беришдан мутлақо йироқ бўлардим. Чунки ҳар бир туманда пахтадан ташқари ғалла, мева ва сабзавот маҳсулотлари бор. Қишлоқ хўжалигида йўналишлар кўп.
– Тумандаги ғаллачилик, мева сабзавотчилик ва балиқчилик ҳам бир киши тасарруфида бўлган ҳолатлар ҳам бор-ку.
– Тўғри, бор. Бу ерда айрим мутахассислик бўлиши керак. Аввал соҳада давлат монополияси бор эди. Ҳозир бу ҳолатни бир туман мисолига келганда монополия деб айтиш ҳам жуда тўғри бўлмайди. Лекин тўғри айтяпсиз, фермер ёки уюшган фермерларда кластер билан ишлашда танлов имконияти бўлиши керак.
Шу боисдан президент сўнгги вақтларда бир ташаббусни илгари суряптики, фермерларни кооперация шаклида ишлатиш.
Ўзим кўрган мисол: Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманидаги иқтисодий мустаҳкам фермерлар ҳозир кооперация шаклида ишлаяпти. Улар пахтани толага айлантириш орқали фойда кўришяпти. Келгусида улар тўқимачилик саноатига ҳам ўтиши мумкин.
Яъни тўқимачилик саноати пахта етиштиришда монополия бўлиб қолади, деган фикрдан йироқ бўлиш керак.
«Сувни тежаш бўйича катта ўзгаришлар бўлади»
– Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги энг катта муаммолардан бири бу – сув муаммоси. Айтинг-чи, кластерлар орқали бу муаммо қанчалик ечимини топади? Кластер тизимида сув етишмовчилиги ва унинг исрофгарчилиги олдини олиш борасида қандай режалар бор?
– Кластерларни битта ютуқ тарафи бор: улар молиявий томондан барқарор. Улар дунёда бор янгиликларни жуда тез қабул қила олади.
Ўзбекистонда бор сув имкониятлари билан икки ҳосил миқдорида маҳсулот олиш шароити бор. Масалан, Австралияда ҳам сув танқислиги бор, лекин улар ҳар гектар ердан ўртача 80 центнер ҳосил олишяпти.
Биз бор сув имкониятимиз билан ҳам етарли ҳосил ололмаяпмиз.
Суғоришнинг янги усуллари бўйича ҳозирда 20-30 фоиз сув тежалиб бошланди, ҳосилдорлик ҳам ошяпти. Албатта, давлат субсидиялари бўлмаганда буни кластерларнинг ўзи ҳам қила олмасди.
Яқин йилларда бизда сувни тежаш борасида катта ўзгаришлар бўлади.
Фермерлар кластер тизимидан розими?
– Пахтачиликда давлат режаси бекор бўлди. Эндиликда фермерлар кластерлар билан эркин шартнома тузиши мумкинлиги айтиляпти. Аммо қўлимиздаги фактларга кўра, айрим жойларда, масалан. Фарғонада фермерлар ҳамон пахта заводлар билан шартнома тузишга мажбур қилиняпти.
– Бу борада айбдор қидиришдан кўра, бошқа бир жиҳатга эътибор қаратган бўлардим. Яъни, биз айтдик, кластер – шаклланаётган тизим. Эндиликда фермер ва кластер орасидаги муносабатларни тўғри ва шаффоф жараёнга олиб келишимиз керак.
Биз Адлия, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари билан биргаликда бу борадаги муносабатларни тартибга соладиган қонунчилик устида ишлаяпмиз. Кластер тўғрисидаги қонун устида ишланяпти.
Ўйлайманки, мана шу қонунлар орқали фермер, кластер ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги муносабатлар шаффоф ҳолатга олиб келинади.
Саволингизга келсак. Биз айтиб ўтдикки, айрим фермерлар ўзи кооперация шаклида бевосита пахта завод билан ёки кластер билан шартнома тузади.
Бу ерда кластер жорий этилмаган туманлар ҳақида гап кетаётган бўлиши мумкин. Фарғона вилоятида ҳозирда 6та илғор кластер фаолият юритмоқда ва уларда фаолиятни янада кенгайтириш имконияти бор.
Тўғри, уларнинг ҳаммаси ҳам тенг ишлаётгани йўқ. Мен ҳозир бу кластерлар номини, туманларни айтиб ўтмоқчи эмасман. Бу ерда ёмон, ўрта ва яхши ишлаётган кластерлар ҳам бор.
Бизда ҳаттоки кластерларни алмаштириш талаби ҳам юзага келди ва шундай қилдик ҳам.
Истардимки, барча маҳаллий ҳокимликлар шу тизимдан манфаат кўраётган фермерларни қўллаб-қувватлашсин. Яъни, фермер мен шу кластер билан ишлашдан манфаат кўряпман, деса, ҳокимлик унга шароит яратиб бериши керак.
Биздаги маълумотларга кўра, 90 фоиз фермерлар кластер тизимидан рози ва манфаатдор.
– Ростданми?
– Кафолати билан айтишим мумкин. Бу – тахминий рақамлар. Бундан ҳам катта бўлиши мумкин.
Сиз ҳам, мен ҳам биламиз: агар мингта фермердан биттаси ҳам мен пулимни ололмадим деса, биз шу ҳолатга эътибор қаратишимиз керак.
Сиз қандайдир шубҳа билан савол бердингиз. Сабаби – биз ҳам, бутун дунёда ҳам ёнган, куйган нарсага эътибор кучли бўлади.
Мен бу тизимни бир ҳолатга қиёсламоқчиман. Биринчи марта космосга ракета учирилганда бу катта революцион тадбир бўлган. Тўғри, кластер бу космосга ракета учириш эмас, лекин бу ҳам катта бир ислоҳот.
«Тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги 3-4 йил эмас, 5-6 йилни ҳам олдиндан кўра олиши керак»
– Кластерлар мустақил МЧЖ шаклида ташкил қилиняпти. Лекин бизга шундай ҳужжатлар келиб тушдики, унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 7та кластер фаолияти бир йилни ўзида тугатилган.
Хўш, нега бу тизимга давлат аралашяпти ва кластерлар давлат томонидан тугатиляпти?
– Давлат томонидан тугатиляпти, деган сўз унчалик тўғри бўлмаса керак. Нима учун? Бизда бошида 1та кластер ишлади, кейинги 15та бўлди ва ўтган йили 75та.
Мен сон ҳақида гапирмаяпман. Бу ерда ҳуқуқий масала ҳали тўла-тўкис ҳал бўлмаган. Лекин президентимиз ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида муаммоларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб ўтилган.
Масалан, қайсидир кластер янги тизимда ишлай олмайди (бизда бундай ҳолатлар ҳам бор). Ана шундай пайтларда уларни ҳам тушуниб, фаолиятини тўхтатиш лозим бўлса керак.
Албатта соҳада ҳуқуқий, меъёрий ҳужжатлар яна шакллантирилади.
– Эндигина шаклланаётган янги тизимга яна давлат аралашуви кишида хавотир уйғотади...
– Раҳмат сизга. Чунки тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги 3-4 йил эмас, 5-6 йилни ҳам олдиндан кўра олиш керак.
Кластер бирор жойда 40-50 йил ишлаш учун ишончни, келажакни кўрса, унда ишлашга иштиёқ бошқача бўлади. Нафақат кластер, балки фермернинг ҳам муносабати бошқача бўлади.
Энг салбий нарса – мана шу ишончнинг йўқолиши.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
- Сенатор - кластер раҳбари: «Фермерлик тизими замон талабларига жавоб бермай қўйди»
- Жамшид Хўжаев ҳуқуқий асоси йўқ кластер тизими ва янги агентлик ҳақида гапирди
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024