Ўзбекистон | 09:17 / 10.03.2020
4138
2 дақиқада ўқилади

Midlands Aviation Pacific Asia Урганчда учувчилар тайёрлаш маркази очмоқчи

Малайзия компанияси Урганчда учувчилар тайёрлаш маркази ва логистика хабини очиши мумкин

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Транспорт вазирлигида Малайзиянинг Midlands Aviation Pacific Asia компанияси ижрочи директори Раж Дарйраж бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев мамлакатимизда янги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдираётган хорижий компания вакилларига фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, парвозлар географиясини кенгайтириш, хорижий авиакомпанияларни юртимиз аэропортларига кўпроқ жалб этиш мақсадида «Қарши», «Нукус» ва «Термиз» халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда, шунингдек «Бухоро» аэропортида чет давлатлар фуқароларини ташишда «Очиқ осмон» режими жорий этилгани, шунингдек, «Навоий» ва «Термиз» аэропортларида эса юк ташувлари учун «еттинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Midlands Aviation Pacific Asia компанияси ижрочи директори Раж Дарйраж Урганч шаҳрида Phils компанияси билан ҳамкорликда учувчилар тайёрлаш маркази ҳамда хорижий давлатларга Ўзбекистондан юкларни ташишга ихтисослашган замонавий логистика хабини очиш истагида эканлигини билдирди ва бу борадаги ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Учрашув якунида томонлар мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида махсус ишчи гуруҳи тузган ҳолда ҳамкорликда ишлашга келишиб олди.

Мавзуга оид