Жамият | 23:26 / 11.03.2020
6771
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси асосида ишсизларга 537 гектар ер ажратиб берилди

Қашқадарёда ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб берилмоқда. «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси асосида вилоятда 5 минг нафардан зиёд ишсиз ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Жорий йил 25 февралда Қашқадарё вилояти ҳокими Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида вилоятдаги ишсизлик ҳолати, уни бартараф этиш бўйича лойиҳалар ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, вилоятдаги 3 миллион 200 минг нафардан зиёд аҳолининг 391 минг 758 нафарини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Вилоят ҳокимлигида 50 та идора ва корхона раҳбарлари киритилган ишчи штаб томонидан ўтган давр мобайнида вилоятда 36 минг 636 нафар банд бўлмаган ёшлар аниқланган.

Дастлаб 6 март куни Ғузор туманида 50 нафар ёшларга ер ажратилди. 10 мартгача деҳқонободлик 53 киши ҳам ер билан таъминлангач, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳрида яшовчи ишсиз 200 нафар ёш деҳқончиликка иштиёқ билдирган. Бу ёшлар учун Яккабоғ туманидан 100 гектар, Чироқчи туманидан 100 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилгани маълум қилинмоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ана шу тарзда бугунгача вилоят бўйича жами 537 нафар фуқарога ер ажратилган.

Айни вақтда вилоятда ишсизликни камайтириш бўйича яна бир режа амалга оширилмоқда: лалми ерларда тарвуз экиш учун ҳам 2000 нафар ишчи кучи жалб этилиши айтилмоқда. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид