ССВ: Олмалиқда 17 нафар фуқаро коронавирус туфайли вафот этгани ҳақидаги хабар мутлақо асоссиз
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олмалиқ шаҳрида коронавирус туфайли фуқаролар вафот этганлиги ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон эканини маълум қилмоқда
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кириб келганлиги, ҳаттоки, Олмалиқ шаҳрида 17 нафар фуқаро ушбу вирус туфайли вафот этганлиги ҳақидаги аудиохабар мутлақо асоссиз ва ёлғон, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Қайд этилишича, унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёпиқ йиғилиш ўтказилганлиги ҳақидаги иддао ҳам умуман асоссиз. Аслида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.
“Такрор бўлса-да, айтиб ўтиш лозимки, дунёдаги эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг олдини олиш борасида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу жараён қатъий назоратга олинган.
Жумладан, давлат чегараларида мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча шифокор мутахассислар, зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолият самарадорлиги кучайтирилди.
Мазкур пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан тиббий кузатув йўлга қўйилган. Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг 15 январидан айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилган, 2214 нафар фуқароларда эса тиббий кузатув давом эттирилмоқда.
Айни пайтга қадар юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон бир ҳолат аниқланмаган”, - дейилади ССВ маълумотида.