300дан ортиқ ўзбекистонликлар хориждаги молиявий пирамида қурбони бўлгани айтилмоқда
Мустақил экспертларнинг фикрига кўра, компания молиявий пирамида ташкил этиб, фирибгарлик билан шуғулланиб келган ва маблағлар тўпланганида хакерлик ҳужумини "уюштирган" ҳамда ўз инвесторларининг пулларини ўғирлаган.
uznews.uz таҳририятига Unity Inc. Ltd лойиҳасидан азият чеккан фуқаро мурожаат қилди.
Унинг сўзларига кўра, компания фуқароларнинг Bitcoin криптовалютасидаги инвестицияларини жалб қилган. Unity Inc. Ltd лойиҳасига сармоя киритган ўзбекистонликларнинг умумий сони 300 кишидан ортиқ.
Буюк Британиядаги корхоналарнинг давлат реестридан олинган маълумотларга кўра, компания ўз мижозларига инвестицион пакетларни таклиф этади. Минимал пакетнинг нархи 220 дан 3500 долларгача (кунлик даромад 0,5 фоиздан 1 фоизгача), максимал пакетнинг нархи 31000 дан 90000 долларгача (кунлик даромад тахминан 1,5%). Компаниянинг маълумот беришича, қўйилган маблағлар сунъий онгдан фойдаланган ҳолда биржа савдоларига йўналтирилади.
Шунингдек, компаниянинг жалб қилинган иштирокчилар айланмасидан фоизлар таклиф қилувчи реферал тизими ҳам мавжуд. Ҳамкорлик дастури иштирокчисига айланиш учун иштирокчи камида 1000 доллар инвестиция киритиши керак.
2019 йил 12 декабрда компания веб-сайти бузилгани ва маблағларнинг 43,5 фоизи ўғирлангани ҳамда 7 декабрь кунги ҳужумда 87 фоиз фойдаланувчининг аккаунти зарар кўргани ҳақида эълон қилди. 2020 йил 9 январда эса компания инвестиция қабул қилишни тўхтатгани ва ҳужум билан боғлиқ муаммоларни ҳал этаётгани тўғрисидаги хабар чоп этилди.
Мустақил экспертларнинг фикрига кўра, компания молиявий пирамида ташкил этиб, фирибгарлик билан шуғулланиб келган ва маблағлар тўпланганида хакерлик ҳужумини "уюштирган" ҳамда ўз инвесторларининг пулларини ўғирлаган.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат бўйича жабрланган фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ҳам мурожаат келиб тушган ва ҳозирда терговгача суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу гуруҳ фаолиятидан жабрланган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
21:14 / 22.10.2024
Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги тасдиқланди: ИИВ жиноят иши қўзғаган
17:08 / 24.09.2024
Молиявий пирамида тарғиботига йўл қўйган мактаб директори ва боғча мудираси ишдан олинди
17:56 / 21.09.2024
Молиявий пирамида услубидаги фирибгарлар давлат боғчаларида тарғибот бошлади
14:00 / 15.09.2024