“Бош қароргоҳимиз Гонконгда”
2026 йил 20 январ куни “Seven jade manufacturing” МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган. Фаолият тури ихтисослашган улгуржи савдо бўлган МЧЖнинг ягона таъсисчиси Lin Nanzhou ҳисобланади.

МЧЖга солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома ҳам берилган.

Айни мана шу икки ҳужжат Seven jade номи остидаги молиявий пирамида ташкилотчиларига одамларни гўёки фаолиятлари қонуний эканига ишонтиришда етарли бўлмоқда.
Ўзбекистон учун ишлаб чиқилган “бизнес режа”да “Seven jade manufacturing” бош қароргоҳи Гонконгда жойлашган қайта ишлаш корхонаси экани айтилади. Бу “бизнес режа”ни сунъий интеллект тайёрлаганини англаш қийин эмас.

Қолаверса, интернетда Гонконгдаги ушбу компания ва Lin Nanzhou шахсига ҳеч қандай маълумот йўқ.
“Бой келажакни бирга қурамиз”
Кўплаб молиявий пирамидалар каби Seven jade ҳам одамлар қулоғига ёқадиган баландпарвоз гаплар орқали мақсадни улкан олмоқда.

Telegram’даги расмий каналида Seven jade халқаро даражада заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи компания сифатида таништирилган. Компаниянинг савдо тармоғи бутун дунёга ёйилгани, Ўзбекистонда ҳам янги заводлар қуриб, буюртмаларни тез ва сифатли етказиб беришни таъминлаётгани айтилади.
Қайд этилишича, компания “уч томон учун фойда” модели асосида ишлайди: компания ишлаб чиқаришни кенгайтиради, чет эл буюртмаларини бажаради ва фойдани оширади, ходимлар барқарор иш ўрни ҳамда яхши даромадга эга бўлиб, ҳаёт сифатини яхшилайди, ҳамкорлар инвестиция ва ёрдам орқали компания ўсишидан улуш олади.

Ҳамкор бўлиш учун инвестиция киритиш зарурлиги Seven jade аслида молиявий пирамида эканини англатади. Қолаверса, Seven jade’да бошқаларни таклиф қилиш орқали даромад олиш ваъдаси ҳам бор. Бу молиявий пирамидаларнинг асосий тўрт устунидан бири ҳисобланади.
























