Жаҳон | 22:39 / 13.03.2020
9569
1 дақиқада ўқилади

Илон Маск Ой ва Марс суратларини адаштириб юборди

Америкалик миллиардер Илон Маск ижтимоий тармоқда Марсни забт этиш лозимлигини ёзиб, хабарига адашиб Ой суратини илова қилди.

Фото: Global Look Press/Jörg Carstensen

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус эпидемиясини пандемия деб эълон қилгандан кейин Маск твиттерда Қизил сайёрани забт этиш вақти келганини ёзган. Бироқ тадбиркор ўз твитига қизил тусдаги Ой суратини илова қилган.

Маскнинг бу хатосини америкалик астрофизик Нил Деграсс Тайсон аниқлаган. У Маск илова қилган суратда тўлиқ тутилиш вақтидаги Ой тасвирланганини маълум қилган.

Бироқ Тайсон Ойнинг забт этилишига ҳам қаршилиги йўқлигини қўшимча қилган.

“Меҳмонхоналар, курортлар. Ажиб таомлар. Бироқ мен учун ресторанларда атмосферанинг бўлмаслиги жиддий камчилик бўлади”, деб ёзган олим.

Шундан кейин Маск биринчи хабаридан кейин яна битта твит қолдириб, унда “Ойни ҳам”, деб ёзиб қўйган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид