Ўзбекистон | 20:53 / 13.03.2020
8953
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 17 йил ичида илк марта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рўйхатдан ўтказилди

9 март куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси давлат рўйхатидан ўтказилди.

Фото: «Ҳуқуқий таянч» ННТ

Жамоат бирлашмаси маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни реабилитация қилиш билан шуғулланади.

Жамоат бирлашмаси раиси Аъзам Фармонов Kun.uz мухбири билан телефон орқали мулоқотда тез орада ташкилот фаолияти юзасидан батафсил маълумот берилишини билдирди.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси рўйхатдан ўтгунга қадар қандай жараёнлар бўлгани, ташкилот аъзолари бошидан кечирган воқеалар, келгусидаги фаолиятимиз ҳақида тез орада батафсил маълумот беришни режалаштирганмиз.

Сизга қисқа қилиб шуни айтишим мумкинки, ташкилотимизнинг юздан зиёд аъзоси бор. Шундан 11 нафари таъсисчи сифатида жамоат бирлашмаси фаолиятига масъул ҳисобланади.

Фаолиятимизнинг энг асосий йўналишларидан бири – қамоқхоналарда ноҳақ жабр кўрган, зулмни бошидан ўтказган маҳкумларнинг реаблитацияси билан боғлиқ жараёнларни кўтарамиз ва имкон қадар ҳукумат, давлат ташкилотлари билан мулоқотни йўлга қўйиш тарафдоримиз.

Чунки биз қанчалик танқид қилмайлик, қанчалик бақир-чақир қилмайлик, агар ҳукумат бизни эшитишни хоҳламас экан, ҳаакатларимиздан фойда бўлмайди.

Шу сабабли ҳамма соҳада – қонунчилик, суд-ҳуқуқ йўналишида мулоқотни йўлга қўйишни истаймиз.

Ташкилотимиз тўполонлар, айюҳаннос солишлардан йироқ, ҳар қандай ҳаракатини Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар доирасида амалга оширишга, муаммоларга расмий баёнот ва муносабатлар орқали ечим топишга ҳаракат қиламиз», дейди у.

«Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси 2003 йилдан кейинги даврда фаолиятига давлат томонидан рухсат берилган илк мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисобланади.

«Ташкилотимиз 9 март куни рўйхатдан ўтказилган экан. «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги гувоҳномани 11 март куни қўлимизга олдик.

Ўзбекистонда 2003 йилда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти рўйхатга олинган, шундан кейин мустақил равишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланадиган бирорта жамоат ташкилоти рўйхатга олинмаган.

«Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси 17 йиллик танаффусдан сўнг рўйхатга олинган илк инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бўлди.

Оралиқ даврда балки қандайдир бошқа бирорта ташкилотлар фаолият юритгандир. Лекин мен Ўзбекистонда уларнинг ўрни, ролини ҳеч қачон ҳис қилмаганман», – дейди Аъзам Фармонов.

Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлар бошқармаси бўлим бошлиғи Рустам Эшбоевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, бугунги кунда мавжуд 11 мингга яқин ННТ у ёки бу соҳадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ифода этиш мақсадида тузилган бўлиб, шундан 100дан ортиғи бевосита инсон ҳуқуқларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш йўналишида фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти ва бошқалар шулар жумласидандир.

«Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмасининг уставига кўра, унинг асосий мақсади – фуқаролик жамият юксалиши ҳамда инсон ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига кўмаклашиш ҳисобланади. Мазкур жамоат бирлашмаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган барча кўринишларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бориши мумкин.

Хусусан, жамоат бирлашма уставининг 2.2-бандига кўра, бирлашма инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини барча давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар томонидан эътироф этилиши ва ҳимоя қилинишига кўмаклашиш, мазкур соҳада белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда жамоатчилик назорати натижаси юзасидан тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларига таклифлар киритиши мумкин», – дейди Рустам Эшбоев.

«Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси Адлия вазирлиги томонидан 903-сон гувоҳнома билан ННТ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бироқ вазирлик сайтидаги ННТларнинг давлат реестрида ҳозирча бу ташкилот ҳақидаги маълумот йўқ.

Мавзуга оид