Жаҳон | 21:24 / 13.03.2020
10013
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россия ва Қирғизистон фуқаролари учун чегарадан ўтиш тартибини қатъийлаштирди

Қозоғистон коронавирус эпидемияси ортида ўз фуқаролари ҳамда Россия ва Қирғизистон фуқаролари учун чегарадан ўтиш қоидаларини қатъийлаштирди. Жумладан, давлат чегарасини кесиб ўтишда ички ҳужжатлардан фойдаланиш тақиқланди.

Фото: Табылды Кадырбеков / РИА Новости

Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди

Маълум қилинишича, Қозоғистон фуқаролари (шахсни тасдиқловчи гувоҳнома, туғилганлик ҳақида гувоҳнома), Россия фуқаролари (Россия фуқароси паспорти) ва Қирғизистон фуқаролари (ID-карта) учун давлат чегарасини кесиб ўтишда ички ҳужжатлардан фойдаланиш тақиқланади.

Шу билан бирга, хорижий паспортлар бўйича саёҳат қилишга рухсат берилади.

Россия ва Қирғизистонда бўлган қозоғистонликлар ва Қозоғистонда бўлган россияликлар ҳамда қирғизистонликлар сафарни амалга оширган ҳужжатлари бўйича ўз давлатларига қайтишлари мумкин бўлади.

Чегараларнинг одатдаги кесиб ўтилиши тартиби коронавирус эпидемияси барҳам топишига қараб тикланади. 

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигида ушбу чораларни тўғри тушунишга чақирилган. 

Аввалроқ Қозоғистонда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолатлар қайд этилгани маълум қилинди. Қозоғистонга Германиядан қайтган эркак ва аёлда ҳамда Москва орқали Миландан келган аёлда вирус аниқланган.  

12 март куни республикада барча оммавий тадбирлар, жумладан маданий ва спорт тадбирлари, кўргазмалар ва анжуманлар бекор қилинди. Шунингдек, талабалар масофадан ўқитишга ўтказилган. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид