Жамият | 09:06 / 14.03.2020
7486
2 дақиқада ўқилади

Бувисининг 10 600 доллар пулини ўғирлаган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бухорода ўз бувисининг 10 600 доллар пулини ўғирлаган шахс аниқланди

Иллюстратив фото

2020 йил 10 март куни 78 ёшли Ф.С. Пешку тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

У номаълум шахс уйидан 10 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни яширин равишда талон-торож қилганлигини маълум қилган.

Кўрилган чоралар натижасида, ушбу жиноятни Ф.С. билан бир манзилда яшовчи набираси 28 ёшли З.Ш. содир этганлиги аниқланган. З.Ш. узоқ вақт давомида ушбу пулларни талон-торож қилиб юрганлиги, ўғирланган пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатганлиги, бундан ташқари ўғирланган пулдан 1.300 АҚШ долларини ўзининг таниши С.Ф.га қарз сифатида берганлиги аниқланиб, С.Ф.дан ушбу пуллар ашъёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган. Қолган пуллар нимага ишлатилганлигига аниқлик киритилганда З.Ш. ўз эҳтиёжларига, яъни кийим-кечак сотиб олишга, ўз автомашинасига эҳтиёт қисмлари ва кўнгилхушлик учун сарфлаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пешку тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва З.Ш. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид