Ўзбекистон | 18:10 / 14.03.2020
14141
13 дақиқада ўқилади

Нефт-газ геологияси ҳамда қидируви институти: эскирган техникалар, хусусий компанияларга кетаётган ёш кадрлар, соҳадаги муаммолар

Нефт ва газ конлари қандай топилади? Нефт конлари геологиясини ўрганиш нима натижа беради? Бу соҳада қандай илмий янгиликлар қилинмоқда?

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Нефт ва газ геологияси ҳамда қидируви институтига бориб, у ердаги илмий фаолият билан яқидан танишдик.

Институт директори геология-минералогия фанлари доктори, профессор Ғайбулла Абдуллаев мазкур илмий муассаса тарихи, институт олдига қўйилган вазифалар ҳақида маълумот берди.

– Нефт ва газ геологияси ва қидируви институти 1959 йилда ФА Геология-геофизика институтининг иккита лабораторияси базасида ташкил этилган. Шундан буён мазкур институт нефт ва газ конларини қидириш, ҳар йили геология-қидирув ишлари ўтказиш учун дастурлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Шунингдек, биз геология-қидирув ишларининг йўналишларини белгилаймиз, ресурсларни башоратлаймиз.

Ғайбулла Абдуллаев

Бундан ташқари, қазилаётган қудуқлардан олинган намуналарни: керн, сув, газ, конденсат ва нефт анализларини лабораторияда усулида аниқлаймиз.

«Кон инсонга тез бўйсунганида, унинг номи кон бўлмасди»

Геология-минералогия фанлари доктори, профессор Тўйчи Шомуродов ​​​​​​ мамлакатимизда мавжуд конлар геологияси ва тавсифига тўхталар экан, улар нисбатан анча чуқурдан – 3-7 минг метрдан олинишини таъкидлаб ўтди.

Тўйчи Шомуродов

– Бизнинг илмий даргоҳ қарийб 60 йилдан буён мамлакатимиздаги нефт-газ конлари, уларнинг истиқболли майдонларни белгилаш бўйича илмий ёндашувдаги ишларни олиб боради. Бизда полиоген давридан тортиб полеозой даври ётқизиқларигача бўлган тоғ жинсларида нефт-газ конлари топилган. Масалан, Фарғона нефт-газ регионини олсак, у ердаги мавжуд конлар полиген, неоген, бур ва юра даври ётқизиқларига мансуб. Уларнинг чуқурлигини рақамларда ифодаласак, 1,5-6 км чуқурликни ташкил этади.

Сурхондарё вилояти ҳудудида юра даври ётқизиқларида нефт борлиги олимларимиз томонидан илмий жиҳатдан асосланган бўлиб, технологик жиҳатдан 6 км масофага тушиш муаммо бўлгани учун ҳалигача ўз ечимини топмай турибди. Бу бўйича Қорақурт майдонида битта қудуқ кавлаш нуқтаси ўрнатилди ва шу жумбоқларга аниқлик киритади ҳамда катта-катта конлар очилса ажаб эмас.

Кон борлиги учун ҳамма аломатлар етарли. Аввало, нефт-газ йиғилиши учун уни ёпиб турадиган маҳкам қопқоғи бўлиши керак. Бу бизни ҳудудда кўпроқ тузли қатламлар билан боғлиқ. Халқимиз ош тузи деб юритадиган, Деҳқонобод ва Шерободда қазиб олинадиган туз конлари – аслида 500-600 метр қалинликдаги қопқоқ.

Ер қаърини ўрганганда бирор стандарт ёки илгаридан белгиланган нарса ўзини оқламаслиги мумкин. Яъни бир кавлашни ўзида кон топилиши жуда кам. Масалан, Кўкдумалоқ каби йирик конни ҳам учинчи уринишда топишга эришилган. Ёки бошқа мисол, адабиётларда Арабистон яримороли регионидаги ўта катта триллионлаб захирага эга конларга ҳам юзлаб қазув нуқталари қазилгани айтилади.

Кўп одамларда шундай тушунча борки, кон турибди, кавлаш керак. Кон инсонга шундай тез бўйсунадиган бўлса, унинг номи кон бўлмас эди. Олтин, темир, кўмир ёки нефт-газ бўладими – бу конки, буни фақат ахтариб топиш керак. Бунинг учун эса илмий ёндашув лозим.

Бизнинг институт қилаётган ишлар, илмий ёндашув шуки, барча омиллардан – геологик, тиктоник, литологик, гидрогеологик, геофизик каби омиллардан фойдаланган ҳолда башорат қилинади. Бу эса кон очилиши билан ўз мевасини беряпти.

«Битта қудуқда 2-3та нефт-газли қатламлар очилиши мумкин»

Шунингдек, институт олимлари бугунги кунда нефт ва газ конларини топиш, ўрганиш, захираларни аниқлаш жараёни тоғ жинсидан намуна олишдан тортиб, уларни лабораторияда ўрганишгача бўлган жараёнлар хусусида айтиб ўтишди.

Йўлдашбой Иргашев

«Ўзгеофизика ташкилоти дала шароитида ер қаърининг қаерида тиктоник ёриқлар борлиги каби бир неча масалаларни аниқлаб, харитага туширади. Бизнинг институтдаги махсус комиссияда етук олимлар қатнашиб, нефт-газ уюмлари тахмин қилинган жойларни илмий жиҳатдан текшириб кўради.

Энг биринчи навбатда қайси жойда қудуқ қазиш масаласи ҳал қилинади. Ҳар бир қудуқ қазишга жуда катта маблағ сарфлангани учун бу ўта муҳим ҳисобланади. Кейинги босқичда институтимиз томонидан қудуқни қазиш бўйича лойиҳалар тузилади. Ҳамда уни қазиш бошланади.

Нефт-газ бўлиши мумкин бўлган қатлам тоғ-жинсидан намуна – керн олинади. Бу намуна институт лабораториясига олиб келиниб, ўрганилади. Битта қудуқда 2-3та нефт-газли қатламлар очилиши мумкин», – дея кон топиш жараёни билан таништирди институт бош илмий ходими, геология-минерология фанлари доктори Йўлдашбой Иргашев.

«Бурғулаш ускуналари 1960 йилларда чиққан токарлик дастгоҳларида ясалади»

Шундан кейин институтнинг очилаётган конлар табиатини ўрганиш учун ерости тоғ жинсидан намуна – керн оладиган бўлими, уларнинг фаолияти ҳақида маълумот олдик. Бўлим бошлиғи Жаҳонгир Хайруллаев бу борадаги қийинчиликлар, технологияларнинг етишмаслигини маълум қилди.

Жаҳонгир Хайруллае

– Бўлимимизнинг асосий иш мақсади ерости тоғ жинсидан намуна олиш ҳамда уларнинг тадқиқот ишлари билан шуғулланиш ҳисобланади. Биз илгари керн олиш ускунасини чет олиб келишар эди, ҳозирда эса 100 фоиз Ўзбекнефтгаз тасарруфидаги барча корхоналарга ўзимиз таъминлаб келяпмиз. Бу бурғулаш қурилмалари импорт ўрнини тўлиқ босади ҳамда чет эл валютасини тежайди.

Гарчи технология ривожланган бўлишига қарамасдан, биз ҳамон бурғулаш ускуналари учун, айнан керн олиш ускунамизни эски 1960-70 йилларда ишлаб чиқарилган токарлик дастгоҳларида ясаяпмиз.

«Янги технология харид қилинса, битта қудуқни муваффақиятсиз бурғулашга кетадиган 20-25 млрд сўм маблағ тежаб қолинади»

Лаборатория натижалари нефт ва газ конлари захираларни аниқлаш, кон мавжуд ҳудудларни 3D хариталаш, шунингдек, кон мавжуд ерларни аниқ прогнозлашда фойдаланилади.

Жавлон Мамиров

«Биз янги топилган углеводород конлари захирасини тезкор ҳисоблаш билан шуғулланамиз. Бундан ташқари, бизнинг секторда мамалакатимиздаги барча конларнинг геологик 3D моделларини тузиш ишлари ҳам олиб борилади.

Рақамли геологияни ривожлантиришга асосий эътибор берилиши бизнинг соҳамизга ҳам таъсир этмоқда ва муаммолар борлиги яққол сезилмоқда. Шулардан бири – замонавий дастурий таъминотларнинг етишмаслиги.

Бизнинг бўлим олдидаги вазифалардан бири – республикамиздаги бешта нефт-газ ҳудудининг бассейн моделини яратиш. Мавжуд дастурий таъминотлар бу талабларга жавоб беролмайди. Бунинг учун махсус дастурий таъминот олиш зарур, гарчи бу жуда қиммат – 1 млн АҚШ доллари атрофида турса-да, унинг келтирадиган фойдаси катта.

Оддий мисол, битта қудуқни муваффақиятсиз бурғулашга кетадиган 20-25 миллиард сўм маблағни тежаб қолади.

Бу янги дастурий таъминот қайси жойда қанақа иш олиб боришимизни белгилаб беради, бурғулаш қудуқларини хато қўйилмаслиги олдини олади. Бундан ташқари, қўйилган объектда нима бўлишини олдиндан айтиб бера олишимиз мумкин», – дейди Углеводород захираларини тезкор ҳисоблаш бўлими мудири Жавлон Мамиров.

«Институт фундаментал йўналишларни ва ёш кадрларни бой берди, технологик жиҳатдан ортда қолди»

Институт директори Ғайбулла Абдуллаев геология илмига қаратилаётган аввалги ва ҳозирги эътибор, эришилган ютуқлар ва бой берилган кадрлар ҳақида ҳам қўшимча қилди.

– Шу пайтгача ҳақиқатан ҳам фундаментал тадқиқотларга эътибор берилмади, лекин биз ўзимизнинг ҳаракатимиз билан қисман бўлса-да олиб бордик. Негаки, бусиз эртага бошқа йўналишларни қила олмаймиз.

Керакли даражада пул берилмади, фундаментал иш бугун станокка кириб, эртага маҳсулот бўлиб чиқадиган нарса эмас. Натижасини беради, лекин бунга вақт керак.

Геология жудаям чексиз: мукаммал геолог бўлиш учун математикани, физика, кимё қонунларини, ҳаттоки биологияни билиш зарур. Нима учун деганда, 100 миллионлаб йил илгари ҳосил бўлган тоғ жинсларида нефт ва газ уюмлари сақланиб қолган. Булар қанақа шароитда ҳосил бўлди: қуруқликдами ёки денгизда, тоғ жинсларининг ғоваклиги бор-йўқми – буларни билишимиз учун фундаментал ишлар олиб бориш талаб қилинади.

Молиялаштириш тизими ҳақида гапирадиган бўлсам, бериладиган пуллар эртага ўзини маҳсулотини бериши талаб қилинган ишларга ажратилди. Нима кераги бор бизга 5-10 йилдан кейинги бўладиган нарсаларни, қани биз кон очайлик, деган қараш устувор бўлиб қолди.

Ваҳоланки, биз юқорида айтганимдек қисман бўлса-да фундаментал йўналиш билан шуғулланганимиз ҳисобига қуйи юра, полеозой даври ётқизиқларининг истиқболлари борлигини ўргандик.

Бозор иқтисодига ўтилгандан сўнг, фанга эътиборда фақат тез натижа олинадиган йўналишларга қаратилди, мана сенга 100 миллион, шунга яраша иш қилиб берсанг бўлди – бошқасига йўқ. Яъни ўтириб илм қиламан десангиз, бунга пул берилмади. Албатта, ёшларимиз фаровон турмуш, гўзал ҳаётни орзу қилади, шу сабабли бизда кучли мутахассисга айланиб, хусусий компанияларга ишга кетиб қолди. Улар ойлик-маошни 3-4 баравар кўп беради.

Мисол учун, ўтган йили тўрт нафари фалсафа доктори даражасини олиб, илғор хорижий компанияларга кетди. Булар айтиб кетганлари – айтмайдигани қанча!

Лекин ҳозирда институт Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ўтганидан сўнг ойлик-маошлар давлат бюджетига ўтказилди. Шу билан бирга ёш кадрлар яна илмга қайтяпти.

Ўтган давр мобайнида геология юқорида таъкидланган икки муҳим нарсани йўқотди, балки технологик жиҳатдан ҳам ортда қолди, асбоб-ускуналар эскириб қолди. Сабаби яна маблағга бориб тақалади: мақсадли пул ажратилмади. Бир кунлик иш бир ҳафта, икки соатлик анализга кун бўйи вақт сарланади. Ҳозирда бу йўналишда ҳам 10 млрд. сўм ажратилмоқда.

Институт илмий салоҳияти етарли даражада, олинадиган натижалар дунё талабига жавоб берадиган ҳолатда. Лекин қандай қийин меҳнат эвазига?! Тўғрисини айтадиган бўлсак, бирор нарса ўтказиб беринглар, ойлик беришимиз керак, деб юрган пайтимиз бўлган.

Институт дунё миқёсида бир қанча ютуқларга ҳам эришган. 2018 йилда Оксфордда бўлган саммитда «Энг яхши фан» ва «Энг яхши инновация» йўналишларида лауреат бўлди.

«Нефт-газдан бўшаган конлардан эндиликда саноат сувини олиш мумкин»

Нефт ва газ гидрогеологияси лабораторияси бош мутахассиси – геология-минералогия фанлари доктори, профессор Тўйчи Шомуродов институтда нефт ва газдан бўшаган конлардан янада самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, инновацион лойиҳалар хусусида ҳам айтиб берди.

– Нефт, газ ва сув ер остида доимо биргаликда учрайди: буни фанда флюида деб юритилади. Бу дегани нефт-газнинг ҳосил бўлишидан бошлаб, миграцияси, қаердадир йиғилиб қолиши ерости сувлари ҳаракати билан боғлиқ.

Нефт-газ борлигини башорат қиладиган баъзи бир гидрокимёвий компонентлар борки, намуналарни олиб келиб лабораторияда қатлам сувларини аниқлаганда, олдиндан конга яқин ёки узоқ эканини башорат қилиш мумкин.

Қатлам сувларини таҳлил қилганимизда қатлам сувлар таркибида бўладиган эриган газлар, органик моддалар бор. Масалан, бензол, финол, битумли углерод деган нарсалар сув таркибида бор. Хулоса қилинадики, ўша ерда нефт бўлгани учун тўғридан тўғри сувнинг таркибига ўтяпти. Ёки бўлмаса нефт ва газга доимо йўлдош бўладиган микрокомпонентлар бор: ёд, бром, бор. Бу дунё миқёсида тан олинган, нефт-газ конлари бор жойга яқин қатлам сувларида албатта шу учта микрокомпонентлар бўлади.

Кейинги пайтларда яна қизиқ бир нарса чиқяптики, қатлам сувларида органик моддалар, сувда эриган газлар, микрокомпонентлардан ташқари камёб элементлар ҳам кўп учрамоқда. Хусусан, литий, рубидий, сизий, тантал каби 20га яқин камёб элемент. Кондан нефт ёки газни чиқариб сепарация қилиб яна қайта конга ташланаётган сувни таркибида шундай элементлар учрамоқда.

Биз шу бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигига ўзимизнинг лойиҳаларимизни бердик. Қатлам сувлари таркибида йўлдош қазилма бойликлари борлигини аниқладик, энди уларни ишлаб чиқариш, технологияларини яратиш юзасидан янги ишлар қилмоқчимиз.

Нефт-газдан бўшаган конлардан эндиликда саноат сувини олиш мумкин бўлади, дея айтиб ўтди профессор Тўйчи Шомуродов.

Kun.uz мухбирлари: Йигитали Маҳмудов,
Муҳаммаджон Ғаниев

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид