Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини, шу жумладан олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш тартиби ҳақида низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича:

бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинишидан бевосита олдинги пайтдаги, ёки ернинг келажакда олиб қўйилиши ҳақидаги хабар унинг қийматига таъсир қилмайдиган пайтдаги бозор қиймати асосида амалга оширилади;

бузиладиган кўчмас мулк объектларини баҳолаш кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғмажилди, кадастр паспорти ва кадастр ҳужжатлари асосида амалга оширилади;

ер участкасига бўлган ҳуқуқни баҳолаш ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади;

бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқни баҳолаш буюртмачиси фақат мулкдор ёки унинг ишончли вакили бўлиши мумкин. Бунда баҳолашни ўтказиш учун пуллик тўлов ҳокимлик ёки ер участкасининг олиб қўйилиши ташаббускори бўлган инвестор томонидан қопланиши керак;

бузиладиган кўчмас мулк объектини, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқни баҳолаш ҳақида ҳисобот тузилган санадан бошлаб олти ой мобайнида такроран баҳолашга йўл қўйилмайди. Бундай тартибнинг бузилиши лицензия талаблари ва баҳолаш фаолияти шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади;

инвестор ва мулкдор ўртасида компенсация миқдори, тури ва уни бериш муддатлари юзасидан келишув мавжуд бўлган тақдирда, кўчмас мулк объектларини баҳолашни ўтказиш талаб этилмайди;

бузилган кўчмас мулк объектлари фақат суд қарори бўйича баҳоланади.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказишни ва уларнинг ҳақиқий мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда уларга тегишли кадастр йиғмажилди, кадастр паспорти ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишини, шунингдек, тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди.