Жамият | 21:13 / 15.03.2020
16789
2 дақиқада ўқилади

Концертлар ва маданий тадбирлар номаълум муддатга қолдирилади

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида республикада эълон қилинган карантин ҳолати туфайли концерт дастурлари номаълум муддатгача қолдирилади.

Фото: Kun.uz

16 мартдан бошлаб Ўзбекистонда концерт дастурлари номаълум муддатгача тўхтатилади. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров Kun.uz’га маълум қилди.

«16 март санасидан бошлаб режалаштирилган барча концерт дастурлари тўхтатилади. Концерт дастурларининг қачон давом этиши карантин муддатининг натижаларига боғлиқ», – дейилади Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг билдиришида.

Маълум қилинишича, «Миллион» жамоасининг 28 март ― 2 апрель кунларига режалаштирилган концерт дастури 27 июнь ― 6 июль кунларига кўчирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Юлдуз Усмонованинг 25 март ― 3 апрель саналарида бўлиб ўтиши кутилган концерт дастурининг охирги сеанси бугун, яъни 15 март куни бўлиб ўтади, қолган қисми номаълум муддатга қолдирилади.

«Концерт дастурларининг кўчирилган санаси ҳақида қўшимча маълумотлар эълон қилинади, харид қилинган чипталар ўз кучида қолади», деди Абдуқаҳҳоров.

Эстрада хонандаларининг «Халқлар дўстлиги» санъат саройи, «Туркистон», «Зарафшон» ва бошқа концерт залларида ўтказиладиган концерт дастурлари, вилоятлар, туманлар ва барча ҳудудларда оммавий тадбирлар вақтинча қолдирилишини Маданият вазирлиги ахборот хизмати ҳам тасдиқлади.

30-31 март кунлари Хиванинг «Турк дунёси маданияти пойтахти», 14-17 апрел кунлари Бухоронинг «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилинганига бағишланган тадбирлар, 21-27 март кунлари бўлиб ўтадиган «Театр ҳафталиги» тадбирлари расман бекор қилинади.

Бундан аввалроқ, коронавирусга қарши чоралар сифатида барча таълим муассасалари ёпилишиНаврўз сайлларининг бекор қилиниши ва кинотеатрлар фаолияти тўхтатилиши ҳақида маълум қилинган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид