14:33 / 15.03.2020
265850
Коронавирус: Ўзбекистондаги барча таълим муассасалари карантинга ёпилади

Коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилади.

16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча боғчалар, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантинга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов коронавирус мавзусига бағишланган брифинг чоғида маълум қилди.

Kun.uz манбаси хабар қилишича, таълим муассасаларидаги карантин уч ҳафтагача давом этиши кўзда тутилган, вазиятга қараб муддат узайиши ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. У 11 март куни Франциядан қайтган, у билан бир рейсда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари тиббий назоратга олинган, беморнинг оила аъзолари ва у билан алоқада бўлган бошқа кишилар изоляция қилинган.

Бундан аввалроқ Kun.uz манбаси коронавирус туфайли Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим муассасалари вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берганди.

  • 15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 120дан ортиқ мамлакатда жами 157 197 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 940 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.
  • Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлар Хитой (80844 ҳолат, 3199 ўлим), Италия (21157 ҳолат, 1441 ўлим), Эрон (12729 ҳолат, 611 ўлим), Жанубий Корея (8162 ҳолат, 75 ўлим), Испания (6391 ҳолат, 196 ўлим), Германия (4599 ҳолат, 9 ўлим), Франция (4469 ҳолат, 91 ўлим), АҚШ (2982 ҳолат, 60 ўлим), Швейцария (1375 ҳолат, 13 ўлим), Буюк Британия (1140 ҳолат, 21 ўлим) ва Норвегия (1109 ҳолат, 3 ўлим) бўлиб қолмоқда.
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top