Коронавирус таъсири: Тошкент шаҳри бозорлари ва дорихоналарда вазият қандай?
Коронавирус туфайли Тошкент бозорларида ваҳима кўзга ташлангани йўқ. Нарх-наволар кескин кўтарилмаган. Аммо дорихоналарнинг аксариятида тиббий ниқоблар, антисептик ва антибактериал воситалар, 70 фоизлик спирт йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати коронавирус туфайли 16 мартдан мамлакат бўйлаб карантин жорий қилгани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситалари, айниқса, тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар нархи кўтарилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилганди.
Kun.uz мухбири бозорларда нарх-наво юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, дорихоналарда тиббий воситалар мавжудлигини ўрганиш мақсадида шаҳар айланди.
Таъкидлаш ўринлики, бозорлардаги харидорлар бирмунча кўпайган. Шу билан бирга, улар маълум турдаги маҳсулотларни керагидан ортиқча сотиб олаётгани кўзга ташланмади. Уларнинг аксари одатдаги каби рўзғор учун бозорлик қилмоқда.
«Фарҳод», «Чорсу», «Тансиқбоев» ва «Юнусобод» деҳқон бозорларидаги кузатишлар натижасида ўртача нарх-наво борасида қуйидагиларни айта оламиз:
Мол гўшти – 1 кг – 50-55000 сўм
Қўй гўшти – 1 кг – 60-65 000 сўм
Тухум – 30 дона – 16500-27000 сўм
Ёғ – 5 литр – 46-62 000 сўм
Картошка – 1 кг – 1800-4500 сўм
Пиёз – 1 кг – 3000-3500 сўм
Сабзи – 1 кг – 1500-3000 сўм
Саримсоқ пиёз – 1 кг – 50 000-55 000 сўм (1 боши 3 000 сўм)
Кўксаримсоқ пиёз – бир боғи 5-8 000 сўм
Кўкпиёз – 1 боғи 1000-1500 сўм
Лимон – 1 кг – 13-22 000 сўм
Олма – 1 кг – 10 000-22 000 сўм
Банан – 1 кг – 15000-22000 сўм
Гуруч – 1 кг – 5000-12000 сўм
Ун – 1 кг – 3500-6000 сўм
Исириқ – (1 боғи ёки майдалангани катта кичиклигига кўра) 4-10 минг сўм.
Шаҳар дорихоналарида эса карантин муносабати билан талаб юқори бўлган маҳсулотлар – тиббий ниқоблар, антисептик ва антибактериал воситалар (геллар ва 70 фоизлик спирт) танқис бўлиб қолган.
Аксарият дорихоналарда бундай зарурий воситалар йўқ. Шаҳарнинг турли нуқталаридаги 15дан ортиқ дорихоналарга кирилган бўлса, шундан фақат иккитасида ниқоб (бирида марлидан тикилгани ва бир марталик ниқоблар бор эди, иккинчисида қора матодан тикилган ниқоб) харид қилиш имкони бўлди. 2та дорихонада 70 фоизлик спирт бор эди, қолганида на ниқоб ва спирт, на антисептик воситалари топилди.
Аксарият дорихоналарда яна бир антисептик восита – декосаннинг 200 грамми 30 минг, 400 грамми 52 минг сўмдан сотилаётган эди.
Шу билан бирга, аксар дорихоналардаги сотувчилар, одамлар ниқоблар ва антисептик воситалар, спиртни эрталабдан навбатда туриб харид қилиб кетишгани, шунинг учун куннинг иккинчи ярмига келганида бу воситалар қолмаганини қайд этишди.
Ўрганишлар давомида фуқароларнинг бозорлардаги нарх-наво хусусидаги фикрларини ҳам сўрадик. Уларнинг аксарияти, нархларда ўзгариш бўлганини унчалик сезишмагани, фақат айрим маҳсулотлар нархида бироз ошиш кузатилганини таъкидлашди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бозорларда нарх-наволарда кескин кўтарилиш рўй бергани йўқ.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024