Мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган 33та аккаунт аниқланган - ИИВ
Улардан 25таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли
Ички ишлар вазирлигида Бош прокуратура ҳамда бошқа мутасадди органлар билан биргаликда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни, шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган барча қилмишларни аниқлаш ва уларни олдини олиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, бугунги кунга келиб ишчи гуруҳ томонидан мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33та аккаунт аниқланган.
Билдирилишича, улардан 25таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, вирусга чалинган ҳамда карантинда бўлган фуқароларнинг шахсларини оммага тарқатган икки нафар фуқаро аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан сохта ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган 13 нафар фуқаро аниқланиб, уларнинг тўққиз нафари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Тўрт нафарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади.
ИИВ фуқароларга эслатиб ўтган:
асосланмаган маълумотларга ишонманг, хабарлар билан расмий манбалар орқали танишинг;
ўткинчи ҳиссиётларга берилманг, ваҳима ва саросимага тушманг, бугунги ҳаракатларингиз оқибатида эртага танишларингиз ёки оилангиз олдида уялиб қолишингиз мумкин;
вазиятдан фойдаланиб, шахсий манфаат йўлида ғараз мақсадларни кўзламанг, ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатингиз учун жавоб беришингизни - мамлакатимиздаги барқарорликни изидан чиқариш ниятида бўлган ёвуз ниятли кучларнинг ўйинчоғига айланиб қолманг. Унутмангки, ҳар бир ҳолат зудлик билан аниқланади, айбдорларга нисбатан қонуний тартибда қатъий чора кўрилади.
Барча саволларингиз бўйича алоҳида фаолият кўрсатаётган 1003 рақамли тезкор алоқа тармоғига мурожаат қилинг.
Мавзуга оид
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024