Ўзбекистон | 14:13 / 17.03.2020
9923
3 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонлик талабаларни ётоқхоналардан чиқариб юбориш ҳақида кўрсатмалар берилмаган - ТИВ

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўзбекистонлик талабаларга алоқадор махсус ахборот билан чиқди

Фото: KUN.UZ

Россия олий таълим муассасаларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўзбекистонлик талабаларини ётоқхоналардан чиқариб юборилаётгани тўғрисида баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 2020 йил 16 март куни тарқалган маълумотлар бўйича элчихона маълумот берди.

Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, Россия Федерацияси расмий органлари томонидан мамлакат олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга нисбатан уларнинг яшаши ва/ёки мамлакат ҳудудида бўлишини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилинмаган. Таълим муассасалари ректорларига Россия Фан ва олий таълим вазирлигидан ўзбекистонлик талабаларни ётоқхоналардан чиқариб юборишни назарда тутувчи тавсиялар ёки кўрсатмалар берилмаган.

Элчихона ватандошлардан ваҳимага берилмасдан хотиржамликни сақлаш, Россия ҳукуматининг COVID-2019 коронавируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тавсияларини бажариш, яшаш жойларини тарк этмаслик ва олий ўқув юртлари раҳбарияти белгилаб берган шаклда таълимни давом эттиришни сўраган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 16 март куни давлат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида, Россия ҳукумати 2020 йил 18 мартдан 1 майга қадар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига киришини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ушбу чекловлар Россиядаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, халқаро автомобиль транспорти воситалари ҳайдовчилари, ҳаво, дарё ва денгиз кемалари экипажлари ходимлари, халқаро темир йўл алоқасининг поезд ва локомотив бригадалари, расмий делегациялар аъзолари ва дипломатик, хизмат визалари, яқин қариндоши вафот этганлиги туфайли берилган визаларга эга шахслар, Россия Федерацияси ҳудудида доимий яшовчи шахслар, шунингдек, ҳаво ўтиш пунктлари орқали транзит билан ўтадиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Элчихона фуқароларга Россия ҳукуматининг юқорида қайд этилган қарорини инобатга олишни қатъий тавсия қилган ва Россия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги ва Россия ҳудудларидаги дипломатик ваколатхоналарига (манзиллар ва алоқа учун маълумотлар ҳаволада http://uzembassy.ru/page/870 жойлаштирилган) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид