Спорт | 10:40 / 17.03.2020
4971
5 дақиқада ўқилади

Спорт муассасаларида санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши кучайтирилди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларда санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши янада кучайтирилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги ташкилот ва муассасаларда санитария-гигиена меъёрларига риоя этилишини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Ҳужжатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан грипп ва коронавирус инфекцияси профилактикаси бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар инобатга олиниши айтилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча спорт мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, футбол академиялари, республика олий спорт маҳорати мактаблари, олий таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказларида ўқув ҳамда ўқув-машғулот жараёнлари, тўгараклар фаолияти, шунингдек, барча турдаги спорт тадбирлари, йиғинлар ўтказилиши жорий йилнинг 16 март кунидан бошлаб вақтинча тўхтатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарларида янги қурилган ва фойдаланишга топшириши режалаштирилган спорт объектларини тантанали равишда очилиш маросимларини ўтказиш вақтинча тўхтатилди.

Вазирлик тизимидаги ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академиялари ҳамда Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг Нукус филиали раҳбарларига:

таълим муассасаларида ўқув жараёнлари ва спорт машғулотлари ўтказилишини расмий кўрсатма берилишига қадар вақтинча тўхтатиш ҳамда ёзги таътил ҳисобидан ўқувчиларга муддатидан олдин таътил бериш чораларини кўриш;

бир кун муддатда таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг ҳар 20 нафарига бир нафар масъул бириктирган ҳолда уларнинг ўз уйларига етиб боришларини назорат қилиш;

ўқувчилар турар жойлари ҳамда ошхоналаридан вақтинча фойдаланишни тўхтатиш;

таътил муддатига аниқлик киритилгандан сўнг ўқувчи ва талабаларнинг ўзлаштирилмай қолган фанларини ўзлаштириш мақсадида қўшимча дарс машғулотларини белгилаш чораларини кўриш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликнинг Фан, спорт ва таълим муассасаларини илмий-методик таъминлаш бошқармасига (+998712392428, +998712392429) кунлик ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилди.

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва унинг Нукус, Самарқанд ҳамда Фарғона филиаллари раҳбарларига:

барча турдаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари, шу жумладан пуллик хизмат кўрсатиш турлари вақтинчалик тўхтатилиши;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари режа-жадвалларини қайта кўриб чиқиш ҳамда марказ ва унинг филиаллари меҳнат жамоаси ўртасида COV1D-19 коронавируси юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш;

марказ ва унинг филиаллари негизидаги маъмурий ва ўқув бинолар, қўшимча иншоотлар, ётоқхона ва ошхоналарни дезинфекция қилиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари тингловчиларини масофавий ўқитиш чораларини кўриш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликнинг Фан, спорт ва таълим муассасаларини илмий-методик таъминлаш бошқармасига (+99871-239-24-28, +99871-239-24-29, электрон манзил: a.xasanov@minsport.uz) кунлик ахборот киритиб бориш вазифалари топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари, вазирлик тизимидаги республика ташкилот ва муассасалари раҳбарларига:

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Республика олий спорт маҳорат мактаблари ҳамда спорт машғулотлари ўтказиладиган барча турдаги бошқа муассасаларда спорт секциялари ва тўгараклари фаолияти вақтинчалик тўхтатиш;

шуғулланувчиларнинг ота-оналарини спорт секцияларининг фаолияти номуайян муддатга тўхтатилганлиги тўғрисида огоҳлантириш;

барча биноларни, унга қўшимча иншоотлар, ётоқхона, ошхона, спорт залларини дезинфекция қилиш;

муассасалар ўқитувчилари, ходимлари, тренерлар ўқув ва амалий машғулотлар бошлангунига қадар, илмий салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва фан ютуқлари билан яқиндан танишиш ҳамда идоравий ҳужжатларни тартибга келтириш;

муассасаларнинг барча ходимлари махсус тиббий ниқобда юришлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVID-19 коронавируси олдини олиш, ҳушёрликни ошириш каби йўриқномалар билан танишиб чиқишларини таъминлаш;

барча муассасаларда меҳнат жамоаси иштирокида турли маънавий-маърифий, спорт тадбирлари, шу жумладан йиғилишларни ўтказмаслик ҳамда ходимларнинг бир жойга тўпланмаслик чораларини кўриш;

коронавирус сабабли меҳнат жамоаси ўртасида ваҳимага олиб келувчи ёлғон хабарлар, видеоматериаллар ва бошқа нотўғри маълумотлар тарқалмаслигининг олдини олиш;

COVID-19 коронавируси аломати аниқланган ходимлар тўғрисида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини дарҳол огоҳлантириш вазифалари топширилди.

Мавзуга оид