07:51 / 18.03.2020
29116

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби маълум бўлди

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: Norma.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир.

Сайёр солиқ текшируви чоғида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ҳамда солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.

Бунда, ушбу Низомга асосан солиқ назоратининг бошқа тадбирлари жумласига солиқ солиш объектларини текшириш ва хўжалик юритувчи субъектларда ишловчи ходимлар сони мониторингини амалга ошириш, бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ бўлган автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари фаолиятини текшириш, фаолиятни айрим турларини амалга ошириш учун лицензия ёки рухсат гувоҳномалари мавжудлигини текшириш, шунингдек, товар-моддий қимматликлар қолдиқларини ҳамда уларни автотранспорт воситалари орқали ташилиши қонунийлигини текшириш киради.

Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими, текширувларни ўтказиш муддатлари ва мақсади кўрсатилади.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаётган шахслар, яширилган солиқ солиш объектлари, шунингдек, ноқонуний олиб кирилган товарлар етказилиши, сақланиши ва реализация қилиниши, яширин цехларни аниқлаш юзасидан солиқ тўловчининг номини олдиндан кўрсатиш имкони бўлмаган сайёр (рейд) текширувларини ўтказиш тўғрисидаги буйруқларда солиқ тўловчининг номи кўрсатилмайди.

Сайёр солиқ текшируви ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Белгиланган тартибда ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижаси бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда солиқ органлари томонидан қонунчиликка белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Сайёр солиқ текшируви қуйидаги асослар бўлганда ўтказилади:

солиқ аудити ва камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчилардан қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни олишга ва (ёки) ўрганишга эҳтиёж юзага келганда;

жисмоний ва юридик шахслардан солиқ тўловчилар фаолиятида солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда;

солиқ тўловчилар ёки уларнинг айрим тоифалари фаолиятидаги қоидабузарликлар тўғрисида ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда.

Сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

Сайёр солиқ текширувида солиқ солиш билан боғлиқ ишлаб чиқариш ҳудудлари, омборлари, юк транспортлари, савдо бинолари ҳамда бошқа бинолар, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ бўлган жойлар ҳамда текширув жараёнлари видеотасвирга ва фотосуратга олиниши мумкин.

Сайёр солиқ текширувлари белгиланган тартибда видеотасвирга олинган тақдирда текширув жараёнида холислар иштироки талаб этилмайди.

Солиқ органларининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ тўловчининг сайёр солиқ текширувига тааллуқли маълумотлари ва ҳужжатларини ўрганиш ҳамда ушбу ҳужжатлардан нусха олиш;

солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия, товарлар (хизматлар) ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган дастурий маҳсуллар, шунингдек, видеокузатув мосламалари маълумотларидан фойдаланиш ва зарур ҳолларда улардан электрон нусха олиш;

солиқ тўловчи томонидан ишлаб чиқариш ҳудудлари ва турғун савдо шохобчаларини, омборлар, юк транспортлари ҳамда бошқа биноларни, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан даромад олиш учун фойдаланилаётган ёки солиққа тортиш объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш, фото ва видео тасвирга олиш;

мол-мулкни инвентаризация қилиш;

текширувга мутахассислар, экспертлар, таржимон, холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш;

ишлаб чиқарилаётган ҳамда реализация қилинаётган товарларнинг (хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш;

аҳоли билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига, шунингдек, назорат-касса техникаси ва тўлов терминалларини қўллаш тартибига риоя этилишини текшириш;

солиқ тўловчи томонидан солиқ органларининг мансабдор шахсларини ҳудудига ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилинганда, солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриш;

текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш.

Сайёр солиқ текширувини ўтказишда солиқ органлари қуйидагиларга мажбур:

солиқ тўловчини ёки унинг вакилини сайёр солиқ текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш;

тадбиркорлик субъектининг Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдириш;

сайёр солиқ текширувини ўтказиш вақтида солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, ўтказилган текширув натижалари билан уларни таништириш.

Top