Спорт | 19:42 / 20.03.2020
12230
10 дақиқада ўқилади

Расмийлаштирилмаган чемпионлик ва Лондон инқирози. Премьер-лига коронавирусгача нимаси билан ёдда қолди?

Фото: AFP/Getty Images

Коронавирус пандемияси Европада жадаллик билан тарқалди ва деярли барча футбол лигалари фаолиятини тўхтатиб қўйди. Истаймизми-йўқми апрель ойига қадар катта футбол кўра олмаймиз. Шу боис, оралиқ натижаларни сарҳисоб қилиш вақти келди. Агарда мавсум охирига етказилмайдиган бўлса, энг кўп даромад йўқотадиган лигадан бошлаганимиз маъқул.

Англияда шундай қиммат телевизион шартномалар борки, чемпионатнинг қолдирилган ўйинлари учун лига 750 млн фунт миқдоридаги зарар кўриши мумкин. Албатта, бу ҳолатда энг катта йўқотиш «Ливерпуль» ҳиссасига тўғри келади. «Қизиллар» нафақат молиявий томондан балки 30 йил давомида кутилган чемпионликдан ҳам қуруқ қолишлари мумкин. Юрген Клоппнинг «Ливерпул»ини ҳеч ким тўхтата олмаётган бир пайтда, COVID-19 коронавируси жамоага «қаршилик» кўрсата олди. Бундай шароитда футбол ҳақида гапиришнинг ўзи нотўғри, аммо мерсисайдликлар чемпионликни талаб қилиш ҳуқуқига эгалар. Агар чемпионат тўхтатилмаганда, жамоа шундоқ ҳам бунга эришган бўларди. Яна бошқа бир жиҳат борки, Клопп шогирдлари бундан мамнун бўлишлари аниқ. Гап шундаки, жамоа февраль ойида жуда ёмон ўйин намойиш этди. Чемпионатдаги биринчи мағлубият ва Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизлик пайтида танаффус айни муддао бўлган бўлса, ажаб эмас.

 «Ливерпул»га етиб олиш имконсизлигини яхши англаган жамоалар мажбурий тўхталишдан олдин еврокубоклар учун қизғин кураш олиб бораётганди. Бу йўлда «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Челси» ва аввалги мавсумларда кўпчиликнинг “суюклиси”га айланган «Лестер» клублари кураш олиб боришаётганди. Ҳатто «Шеффилд Юнайтед» ҳамда «Вулверҳэмптон» ҳам Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига умид боғлашганди ва ҳали ҳам бундан умидвор. Хуллас, Англия Премьер-лигасида жуда кўп қизиқарли воқеалар содир бўлди.

«Ливерпуль» чемпионликка ҳақли

Очиғини айтганда, бунинг учун чемпионатни якунлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Нима сабабдан «Тоттенҳэм» ва «Вест Ҳэм» эгалари ушбу мавсум натижаларини бекор қилинишини талаб қилганлари маълум. Чунки Лондон жамоалари учун бу мавсум ўзлари хоҳлагандек ўтмади. Фикримизча, чемпионни тайинлаш борасида қандайдир муаммо бўлиши бемаъниликдир. «Ливерпуль» ғолибликка шунчалик яқинки, «Сити»нинг биргина қоқилиши жамоага олтин медалларни тақдим этиши мумкин. «Қизиллар» «шаҳарликлар»ни 25 очко ортда қолдиришмоқда. 29та ўйинда 27та ғалаба, тўққизинчи турдаги ягона дуранг ва февраль ойининг охирги кунидаги биригина мағлубият. Салоҳ, Фирмино ва Мане рақиблар дарвозасини 38 бор ишғол этишди. Бу кўрсаткич «Шеффилд Юнайтед» ёки «Эвертон»нинг умумий голларидан кўпроқдир. Клоппнинг ноодатий футболи бу мавсумда на мухлисларга ва рақибларга тинчлик берди. «Ливерпуль» Чемпионлар лигасидаги иштирокини якунлади, аммо Премьер-лигада ҳақли равишда чемпионликни қўлга киритди, дейиш мумкин. Агар Англия чемпионати давом эттирилса, «Ливерпуль» буни расмийлаштириб қўяди, холос. Тўхтатилган тақдирда лига вакиллари турнирдаги мавжуд вазиятга қараб чемпионликни Мерсисайд клубига топширишлари адолатдан бўларди.

 «Қайнаётган қозон»

Ҳамма кураш «Ливерпул»нинг ортида рўй бермоқда. Ҳозирги вазиятда қайси жамоаларнинг еврокубокларга йўлланма олишини тахмин қилиш мушкул. У ерда «жанг» энди бошланди. Таъкидлаш жоизки, даъвогарлар рўйхати 12-поғонагача сафланган. Бу йўлда Карло Анчелотти устозлигидаги «Эвертон» ҳам курашга бел боғлаган. Жамоа мавсумни омадсиз бошлаганди, бироқ италиялик мураббий келгач клубнинг натижалари яхшиланиб, турнир жадвалида юқорилай бошлади. «Эвертон»ни халқаро майдондан атиги олти очко ажратиб турибди. Бу йили грандларга анчагина бошоғриқ бўлаётган «Вулверҳэмптон» ҳам ўз олдига катта мақсадлар қўйган. Нуну Эшпириту Санту шогирдлари учун Европа лигаси аллақачон зерикарли бўлиб, улар энди чемпионлар лигасига қўшилишни исташмоқда. Бунинг учун беқарор «Челси»ни 5 очкога ортда қолдириш керак бўлади. Эшпириту Санту буни амалга ошириш учун яхши имкониятга эга. Англия чемпионатининг энг кўп зарба берувчи футбочиси ва жамоанинг энг яхши тўпурари – Рауль Ҳименес (75та зарба, 13та гол), Диого Жота, Адама Траоре, Мэтт Догерти каби қатор маҳоратли ўйинчилар ва ажойиб дарвозабон Руи Патрисиу унинг ихтиёрида.

Номини тиклаётган «МЮ» ва «Челси» ҳамда эртакчи «Лестер»

Фрэнк Лэмпарднинг Премьер-лигадаги биринчи мустақил мавсумини саргузаштларсиз, аммо ижобий баҳолаш мумкин. «Кўклар» афсонаси трансфер тақиқига қарамай, ёш ўйинчилар билан жамоани кучли тўртликда ушлаб турибди. Лэмпард камтарона таркиб билан янги тактик схемаларни туза олди. Ўзига керакли ўйинчиларни эса жамоа захира ўриндиғидан топди. Унинг қўл остида Тэмми Абраҳам энг яхши тўпурар бўлишга эришди (13та гол). Жиру ва Батшуайи эса захирада қолдирилган бўлса, яримҳимояда Мейсон Маунт ўзини кўрсатди. У клубнинг иккинчи тўпурари бўлиб турибди - 6 та гол. Қолаверса, «Челси»нинг фахрий ўйинчилари – Аспиликуэта, Канте, Виллиан жамоа ўйинига ўзига хос уйғунлик бағишламоқда.

 Нголонинг собиқ клуби «Лестер» бу мавсумда иккинчи навқирон даврини ўтказмоқда дейиш мумкин. «Тулкилар» чемпионат бошида ғолибликка даъвогар эди, ҳозирда эса Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишга яқин туришибди. Брендан Рожерс бошчилигида футболчилар жамоавий ўйинни йўлга қўйишди ва АПЛдаги энг яхши прессинг қайд этган клуб бўлишди. Вардининг фаоллашиши ва янги ўйланган комбинациялар билан «Лестер» ажойиб натижаларга эришмоқда - жадвалда учинчи поғонада жойлашган. Чемпионлар лигаси учун «Челси» ва «МЮ»га қарши курашда ажойиб имкониятга эга.

 Чемпионат тўхтатилишидан олдин «Манчестер Юнайтед»да “уйғониш даври” кузатилиб, «қизил иблислар»нинг имконияти юқори баҳоланмоқда. Бруну Фернандеш келгач, у жамоанинг ўйинига куч ва ижодкорлик бағишлай олди. Португалиялик футболчи дарҳол февраль ойининг энг яхши ўйинчисига айланди ва гол+пас тизимида 7 очко (3та гол, 4та ассист) тўплаб, нималарга қодир эканини исботлади. У келганидан бери «Манчестер Юнайтед» ҳали бирон бир ўйинда ютқазмади. Февраль ойида Сульшер шогирдлари Премьер-лигада учта ғалаба ва иккита дуранг қайд этишди. Маркус Рэшфорд тузалгач, «МЮ»нинг тўлиқ кучини кўришимиз мумкин бўлади.

 Лондон инқирози

Пойтахт клублари мавсумни муваффақиятсиз ўтказишмоқда, «Челси»нинг нисбатан яхшироқ натижалирига қарамай, қолган икки совриндор клуб ўз ўйинлари билан мақтана олмайди. Бунга сабаб улар мусобақа жадвалининг ўртасида боришмоқда. «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» учун бу натижани омадсизлик, деб ҳисоблаш мумкин. Трансферларга кўп пул сарфлаган пойтахтнинг яна бир жамоаси «Вест Ҳэм» бундан-да ёмонроқ натижа кўрсатмоқда. Жамоа хавфли зонада жойлашган. «Уотфорд» ва «Борнмут»дан фақатгина киритилган голлар эвазига устун бўлиб турибди.

«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ушбу мавсумдаги мақсадлардан жамоани қайта қуриш учун воз кечганди, аммо ижобий ўзгаришлар кўринмаяпти. Микел Артета ва Фредрик Юнгберг тандеми жуда истиқболли кўринганди, бироқ ҳозирча қандайдир натижа йўқ. Шунчаки, Обамеянг, Ляказетт ва Пепенинг индивидуал маҳоратларигина клубга қийин вазиятларда асқотмоқда. Аммо бу «Ньюкасл», «Эвертон» ва «Вест Ҳэм»га қарши ўйинларда ғалаба қозониш учун кифоя қилмади. Жамоа меҳмонда «Бернли» ва «Кристал Пэлас»ни ҳам мағлуб эта олмади.

Лондонда яна бир муаммо борки, бу тартиб-интизом масаласи. Айни пайтда Англияда бу кўрсаткич бўйича энг ёмон натижани айнан «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» қайд этган. Уларнинг ҳисобида 63та сариқ ва 3та қизил карточка бор.

Лондоннинг иккинчи топ клуби келаси мавсумда еврокубокларсиз қолиши мумкин. Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида ушбу босқичнинг дебютанти – Германиянинг «Лейпциг» клуби «Тоттенҳэм»га чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди. «Шпорлар» ҳар иккала ўйинда ҳам мағлубиятга учрашди. Аммо Моуриньо асло тушкунликка тушмади ва ўзидан тезда натижа талаб этилмайдиган жойда ишлаш нияти борлигини таъкидлади.

У бу гаплари билан ўзини яхши суғурталай олди, «Тоттенҳэм» «Саутҳэмптон»га қарши баҳсда мағлубиятга учради, «Норвич» билан дуранг қайд этди. Жамоанинг ишлари кўнгилдагидек кетмаётган бир пайтда, сўнгги жанг учун чиқилгандек «Сити» мағлуб этилди. Ҳозирда Жозеда пауза бор ва у бу вақт давомида жамоанинг ўйинини ижобий томонга ўзгартириши мумкин. Кейннинг жароҳатдан фориғ бўлиши, Моуриньонинг ҳеч бўлмаганда Почеттинонинг натижаларини такрорлашига ёрдам бера оладими? Буни фақат вақт кўрсатади.

Мавзуга оид