Ўзбекистон | 22:55 / 22.03.2020
15529
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири: Халқаро молия ташкилотлари маблағларини олишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди

2020 йилда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 1 млрд АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.

Ўзбекистон халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли қарзларини қисқа муддатларда жалб қилиш бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов “Ўзбекистон” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Ишметовнинг сўзларига кўра, халқаро молия ташкилотлари ривожланаётган давлатларни қўллаб-қувватлаш учун маблағлар ажратади. Бу маблағлар ишлаб чиқариш, бандликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

“Ўзбекистонда сўнгги уч йил давомида амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларнинг натижаларини бутун дунё кўриб турибди. Халқаро молия институтлари мазкур ислоҳотларни такрор-такрор эътироф этиб келмоқда. Бу ислоҳотлар ана шу маблағларнинг тезкорлик билан жалб қилинишига замин яратган.

Айни кунларда дастлабки мулоқотни бошладик. Халқаро молия ташкилотлари вакилларидан бири Ўзбекистон президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини шу кунгача дунё мамлакатлари томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар орасида энг мукаммали деб эътироф этди. Уларни айниқса фармоннинг ижтимоий ҳимояга йўналтирилган қисми ҳайратга солди. Халқаро молия ташкилоти вакилларининг таъкидлашича, улар бу фармонни қисқа муддатда, 4-6 ҳафта ичида ажратилиши кўзда тутилган маблағнинг берилишига кафолат деб ҳисоблашмоқда”, деди молия вазири.

Эслатиб ўтамиз, 20 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2020 йилда бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан 1 млрд АҚШ доллари миқдоригача ташқи қарз маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.  

Мавзуга оид