16:27 / 22.03.2020
96998

Хоразм вилоятида ҳам бир киши коронавирус юқтиришда гумонланмоқда

Хоразм вилоятида бир киши коронавирусга чалинишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов маълум қилди.

«Лекин шуни яхши билишимиз керакки, касаллик белгилари ва лаборатория таҳлиллари асосида якуний ташхис қўйилади.

Минглаб фуқароларимиз хориждан ватанга қайтишда давом этмоқда. Албатта, улар ҳам гумонланувчи сифатида текширилиб, тиббий назорат ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар барча вилоятларда олиб борилмоқда. 

Шундай ишларни тўлақонли амалга ошириш учун яна 32та лаборатория жалб этилди. Россиядан 14 минг дона тест тўплами харид қилинди. Бу борада имкониятларимизни ошириш ва мутахассисларни тайёрлаш ишлари давом этмоқда», деган Алматов Тошкент шаҳридан ташқари яна қайси вилоятларда коронавирус аниқлангани тўғрисидаги саволга жавобан.

Алматов уй шароитида таҳлил топшириш масаласида ҳам изоҳ берди.

«Агар фуқарода шундай эҳтиёж пайдо бўлса, инфекционист билан маслаҳатлашиши керак. Ҳозирда тиббиёт муассасаларида вирусни аниқлайдиган воситалар етарли, лекин уй шароитида анализ топшириш ҳозирча кўзда тутилмаган. Мутахассислар сони етарлича бўлса, кейинчалик бу масала кўриб чиқилиши мумкин», деди у АОКА ҳузуридаги махсус штабда ўтказилган брифинг чоғида.

Баҳром Алматов карантиндагиларни озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Карантиндагиларни кунига 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминлашни давлат ўз зиммасига олган. Қолаверса, уларнинг маънавий ҳордиқ чиқариши учун ҳам шароитлар қилинган», деб Алматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолати 15 март куни аниқланганди. Бир ҳафта ўтиб беморлар сони 43 нафарга етди - бугун Швейцария ва Туркиядан келган ўзбекистонликларга коронавирус ташхиси қўйилди.

UPD: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Kun.uz’га хабар қилишича, Хоразмдаги беморда дастлабки текширув натижалари у коронавирусга чалинганини кўрсатган, у коронавирус беморлари рўйхатига киритилган, такрорий текширувда, бошқа тест текшируви натижасида эса унда коронавирус тасдиқланмаган. Айни вақтда у карантинда сақланмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top