Ўзбекистон | 21:17 / 22.03.2020
29490
4 дақиқада ўқилади

Халқаро аэропортларда қолиш коронавирусни юқтириш хавфини оширади – Транспорт вазирлиги

Аэропортларда ўзбекистонликларнинг энг кўп тўпланиш ҳолатлари Россия ва Туркияда кузатилмоқда. Транспорт вазирлиги вакили ушбу ватандошларни хавфли вирусни юқтириб олишлари эҳтимолидан огоҳлантирди.

«Внуково» аэропортида тунаб қолган ўзбекистонликлар / Фото: t.me/zetauz

Ўзбекистонда карантин чораси сифатида барча хорижий мамлакатлар билан транспорт қатновини тўхтатди. Хориждаги ватандошларни олиб келиш бўйича чартер рейслар амалга оширилмоқда.

Бироқ ижтимоий тармоқларда ўзбек фуқароларининг хориждаги аэропортларда қолиб кетгани, чартер рейс учун чипталар сотуви бўйича турли хабарлар пайдо бўлмоқда.

Kun.uz мухбири чартер рейсларга боғлиқ шу ва бошқа саволлар билан Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовга мурожаат қилди.

– Ижтимоий тармоқларда: «Чиптамиз бор эди, биз кета олмадик», деган шикоятлар бўляпти. Буни вазирлик вакили сифатида қандай изоҳлайсиз?

– Бу юзага келган вазият форс-мажор ҳолати ҳисобланади. Бунда авиакомпаниянинг қандайдир манфаати йўқ.

Ҳозирги кунда қатор хорижий давлатларда қолиб кетган фуқароларни ватанга қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бугунги кунга келиб, Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарлар аэропортларида одамлар тўпланиб қолганига гувоҳ бўлиш мумкин. Айримларида чипта бор, баъзиларида йўқ. Уларнинг барчаси бирданига ватанга қайтишни хоҳламоқда. Лекин, буни битта рейс билан амалга ошириб бўлмаслигини, имкони йўқлигини улар ҳам тўғри тушунишлари керак.

Бугунги кунда ҳукумат томонидан имкон қадар Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган фуқароларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда.

Шу ўринда, хориждаги фуқароларимизга алоҳида бир мурожаат билан чиқмоқчи эдик. Улардан илтимос қилардикки, агар яшаш жойи, бошпанаси бўлса, имкон қадар, аэропортлар каби одамлар кўп тўпланадиган жойларда тўпланиб олишмасин. Чунки, натижада, ўша ҳудудда коронавирусни юқтириб олиш хавфини орттирмоқда. Бу эса, бошқа муаммоларни келтириб чиқаради.

Шу боисдан, аэропортга тўпланмасдан, барча элчихона ва консулликларда колл-марказлар ташкил этилган, уларга қўнғироқ қилиб, улардан маълумотларни олиб, шунга кўра ҳаракат қилишларини истардик.

– Чартер рейс билан одатдаги рейс фарқини тушунтириб беринг. Чунки, одамлар чиптам бор эди, аммо уча олмаяпман, демоқда. Чартер рейс алоҳида шакллантириладими ёки мавжуд чипталар бўйича амалга ошириладими?

– Ҳозирги вазиятда қўлида чиптаси бор фуқаролар ҳам бир нарсани тушунишлари керак. Чартер рейс ташкил этилганда, ўша ҳудуддаги кексалар, ҳомиладор ва ёш болали аёллар, беморлар биринчи навбатда бортга чиқарилади. Сўнгра, ўша юртда бўлиб турган тиббиёт ходимлари, уларга ватанда зарурат пайдо бўлгани боис, олиб келинади.

Шундан кейин, чиптаси борлар ҳамда консуллик рўйхатидан ўтган фуқароларгина бортга чиқарилади. Уларни ватанга қайтариш чоралари кўрилади.

– Кўпчилик, махсус чартер рейсларда бепул кетамиз, деб тушунмоқда. Чартер рейслар учун пули тўланадими ёки кимлар бепул кела олади?

– Фуқароларда шундай бир фикр шаклланмоқдаки, чартер рейс текин амалга оширилиши лозим, деган. Аммо, бу – нотўғри қараш. Чартер рейслари ҳар қандай ҳолатда ҳам пуллик асосда ўша рейс чипталарини харид қилган йўловчиларгина олиб келинади.

Маълум бўлишича, аэропортларда ўзбекистонликларнинг энг кўп тўпланиш ҳолатлари Россия ва Туркияда кузатилмоқда. Шу муносабат билан ватандошлардан ваҳимага тушмасдан, хотиржам ҳолда яшаш жойларига қайтишлари ҳамда ўзлари бўлиб турган мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консулликларига қўнғироқ қилиб, вазиятдан бохабар бўлиб туришлари сўралади.

Чунки айнан аэропортда тўпланиб олишлари, уларнинг коронавирусни юқтириш эҳтимолини ҳаддан ортиқ кўтариб юборади.

Қолаверса, чипталарни қайтаришни истаган фуқаролар ҳам айнан иш тиғиз тартибда амалга ошаётган бир вақтда чиптани қайтаришни бирмунча қулайроқ вақтга қолдиришлари мақбул бўлади.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид