Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилояти ҳокимлиги вирус юқтирган ҳамшира ҳақида тарқатган хабарини рад этди
Тошкент вилояти ҳокимлиги коронавирус инфекциясининг кириб келишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги 23 март кунги расмий маълумотини янгилади.
«Айни пайтда вилоят бўйича жами 195 нафар терапевт, 131 нафар реаниматор, 64 нафар инфекционист, 133 нафар эпидемиолог фаолият олиб боради.
Вилоятда инфекция тарқалишини олдини олиш мақсадида 8 мартдан 9 март кунига ўтар кечаси Жанубий Кореядан келган 181 нафар фуқаро Қибрай туманидаги «Бўстон» санаториясига жойлаштирилган, 14 кунлик карантин муддати тугаши муносабати билан 22 март куни фуқаролар карантиндан чиқарилган.
15 март куни «Чотқол» санаториясига чет давлатдан келган 212 нафар фуқаро 14 кунлик карантин назоратига олинган. Назоратга олинганларга инфекционист, эпидемиолог, дезинфекторлар бириктирилган.
18 март куни Россия Федерациясидан келган 264 нафар фуқаро Бўстонлиқ туманида жойлашган «Сокол» болалар оромгоҳига жойлаштирилган. 7 нафар шифокор, 2 нафар эпидемиолог, 7 нафар ҳамшира, 5 нафар кичик тиббий ходим, 4 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилган.
Шу куни «Энергетика» санаториясига жами чет давлатдан келган 255 нафар фуқаро 14 кунлик карантин назорати учун жойлаштирилган.
3 нафар шифокор, 1 нафар эпидемиолог, 2 нафар ҳамшира, 6 нафар кичик тиббий ходим, 4 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилган. Ҳозирги кунда «Энергетика» санаториясида жами 251 нафар фуқаро тиббий назоратда сақланмоқда.
21 март куни Россия Федерациясидан келган 243 нафар фуқаро «Назарбек» сиҳатгоҳига жойлаштирилди. 4 нафар шифокор, 1 нафар эпидемиолог, 3 нафар ҳамшира, 8 нафар кичик тиббий ходим, 2 нафар дезинфектор тиббий назорат учун сафарбар этилди.
23 март ҳолатига Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 101 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, улар мунтазам равишда тиббий назоратга олинган», дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарида.
Бундан аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимлиги вилоятда коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар сони 9 нафарни ташкил этгани тўғрисида хабар берган эди. Хабарда беморлар ҳақида маълумотлар келтирилган, унга кўра беморларни даволаётган ҳамширалардан бири коронавирус юқтириб олгани кўрсатилганди.
Бу маълумот Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати томонидан ҳам қайта нашр этилди.
Кейинроқ вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати дастлабки хабарини ўчириб юборди ва ўзи тарқатган маълумот асосида берилган хабарларга раддия берди. Унда журналистлардан асоссиз миш-мишлар тарқатмаслик сўралади.
«Бугун ҳокимлик ахборот хизмати томонидан тарқатилган Тошкент вилоятида ҳамшира коронавирусни юқтириб олгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмади, бу мазмундаги хабарлар ёлғон.
Ҳурматли блогер ва журналистлар, юзага келган ҳолат учун узр сўраймиз. Ахборот манбаси - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари техник хатога йўл қўйган
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айни мазмундаги хабарларни тарқатмаслигингизни илтимос қиламиз», дейилади хабарда.
- Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланганлар сони 350 мингга яқинлашди, шундан 100 мингдан ошиқ киши тузалиб кетди, 15 297 киши вафот этди.
- Ўзбекистонда 23 март ҳолатига кўра, вирус юқтирганлар сони 46 нафарни ташкил этмоқда.