Жаҳон | 23:30 / 24.03.2020
78714
11 дақиқада ўқилади

Путин шифохонани зиёрат қилди, дунёда вирусга чалинганлар сони 400 мингдан ошди. Сўнгги маълумотлар

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин коронавирус юқтирган ёки касалланишда гумон қилинганлар жойлаштирилган Коммунаркадаги шифохонага келди.

Алексей Дружинин / Pool / Reuters / Scanpix / LETA

Владимир Путин куннинг биринчи ярмида Москва мэри Сергей Собянин билан коронавирусдан зарарланганлар ётган «Коммунарка» шифохонасига ташриф буюрди.

Касалхона бош шифокори Денис Проценко Путин билан учрашувда вазият оғирлашишига - «итальянча» сценарийга ҳам тайёр туриш кераклигини айтиб ўтган.

«Тиббий нуқтайи назардан қараганда, ҳозирда асосан икки сценарий кузатилмоқда, Осиё сценарийсида вирус тарқалиши тезда сўнмоқда. Италия сценарийсида эса тарқалиш авж олиши давом этмоқда. Мен шифокор сифатида, нафақат бош шифокор, балки анестезиолог-реаниматолог сифатида бу нималигини яхши тушунаман. Италия сценарийси рўй беришига ҳам тайёр туриш керак», дея унинг сўзларини келтирган «Интерфакс» агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, Москва касаллар сони ошишига тайёр. «Беморлар сони ошиб кетса, шифохонамиз қайта жиҳозланади. Биз 606 хонадан 190тасини реанимация бўлимларига айлантиришга тайёрмиз. Омбордан керакли қурилмаларни олиб чиқамиз», деган у.

Ҳукумат қошидаги коронавирус бўйича мувофиқлик кенгаши раҳбари ўринбосари ҳисобланадиган Сергей Собянин ҳам Россия «мураккаб муаммоларга, оғир чорловларга тайёр туриши» лозимлигини қайд этган.

Путинни шифохонадаги шароитлар қаноатлантирган.

«Барчаси ҳарбийчасига. Ҳамма ишламоқда, худди соат каби, худди яхши қўйилган механизмдек. Одамлар ўз ишини билиб қилиши кўриниб турибди», деган у.

GETTY IMAGES

24 март ҳолатига кўра, Россияда коронавирусдан зарарланганлар сони 500 нафарга яқинлашди - яна 57 кишида вирус аниқланди ва жами беморлар сони 495 нафарга етди. 

24 март куни Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ва давлат қурилиши ва қонунчилик бўйича қўмитаси раҳбари Павел Крашенинников карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилишди.

Хусусан, улар Жиноят кодексининг 236-моддасига ўзгартириш киритишни таклиф қилган. Ҳозирда санитар-эпидемиологик қоидалар бузилиши инсон ўлимига олиб келиши учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Депутатлар бундай ҳолатлар учун 7 йиллик қамоқ жазоси беришни сўрашмоқда.

Бундан ташқари, карантин режимини бузиш оммавий касалланишга олиб келган тақдирда жарима миқдорини 80 минг рублдан 2 миллион рублга кўтаришни таклиф қилишмоқда.

BBC мухбири хабар қилишича, ҳукумат Москвада максимал даражада тест ўтказишни йўлга қўймоқчи. Маълумотларга кўра, кейинги ҳафта охиригача Россия пойтахтида ҳар куни 10 мингтагача тест ўтказиш режалаштирилган.

Бунинг учун шаҳарда 9та янги лаборатория очилган. Бу борадаги режалар ҳақида Москва мэри 20 март куни маълум қилганди. Давлат Думаси бу масала бўйича таҳрирни 31 март куни кўриб чиқмоқчи.

26 мартдан 14 апрелга қадар шаҳардаги катта ёшли кишилар ўзини иҳоталаши керак. Карантин режимига риоя қилганлар учун мукофот пуллари ваъда қилинган.

Европадаги вазият

Ғарб давлатларида коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар ўсиши давом этмоқда. Испания, Германия ва Италия касалланганлар сони ва ўлимлар сони бўйича етакчилик қилмоқда.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда Covid-19 юқтириб олганлар сони 407 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда, 18250 киши вафот этган, 104 мингдан ортиқ киши соғайиб кетган.

Испанияда ҳам вирус юқтирганлар орасида ўлимлар сони кескин ошиб кетди - бу мамлакатда 23 март куни 514 ўлим ҳолати қайд этилди, 24 март куни яна 489 киши вирус қурбонига айланди. Эндиликда Пириней яриморолида Covid-19 туфайли ҳалок бўлганлар сони 2800 нафарни ташкил қилмоқда; қарийб 40 минг киши зарарланган, шундан 4,4 минг нафари тиббиёт ходимлари.

Касалларнинг энг кўп қисми - пойтахт Мадридда, шунингдек Каталония ва Басклар ўлкасида ҳам беморлар сони ошган.

Роберт Кох номидаги институт маълумотига кўра, Германияда айни вақтда 31 мингдан ортиқ киши Covid-19 билан касалланган. Сўнгги бир кунда мамлакатда 2935 кишида вирус аниқланди (бир кун олдин беморлар қаторига 4,8 мингдан ортиқ киши қўшилганди). Янги беморларнинг кўп қисми Баден-Вюртемберг ерига тўғри келмоқда.

Жон Ҳопкинс институти маълумотига кўра, Италияда бугун яна 5,2 минг кишида вирус аниқланди ва 743 киши вафот этди. Эндиликда мамлакатда вирус юқтирганлар сони қарийб 70 минг, қурбонлар сони 7 мингга яқинлашган (6820). Аммо Италия фуқаролик мудофааси департаменти раҳбари Анжело Бореллининг маълум қилишича, вирусдан зарарланганларнинг ҳақиқий сони 600 мингга яқинни ташкил қилиши мумкин.

Италия бош вазири Жузеппе Конте мамлакатда карантин қоидаларини бузганлар учун жарима миқдори 3 минг еврогача оширилганини маълум қилди.

Бу вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекциянинг дунё бўйлаб тарқалиши тезлашганини маълум қилди. 

Ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ дастлабки 100 мингта ҳолат 67 кун ичида қайд этилган бўлса, кейинги 100 мингта ҳолат учун 11 кун керак бўлгани, учинчи 100 мингталик ҳолат эса тўрт кун ичида қайд этилганини қайд этиб ўтди.

Шу билан биргаликда, у пандемия тарқалишига таъсир кўрсатиш мумкин деб ҳисоблайди.

Бунинг учун одамларни текшириш ҳажмини кўпайтириш ва вирус юқтирганлар билан алоқада бўлганларни тезроқ аниқлаш стратегиясини яхшилаш талаб этилади.

Коронавирус тарқалиши темпига таъсир кўрсатиш учун кўплаб давлатлар қатъий карантин чораларини қўлламоқда. Душанба куни бу давлатлар сафига Британия ҳам қўшилди, бу ерда ҳам одамлар ҳаракатига чекловлар ўрнатилди.

Британиядаги чекловлар

Британия пойтахти бўшаб қолган / AFP

Бош вазир Борис Жонсон бундан кейин британияликлар уйида ўтириши кераклиги, кўчага фақат зарур ҳоллардагина чиқиш мумкинлиги (озиқ-овқат ва бошқа ҳаёт учун бирламчи маҳсулотлар харид қилиш ёки шифокорга мурожаат қилиш учун) ҳақида маълум қилди. Бундан ташқари, мамлакат аҳолиси бир кунда бир марта очиқ ҳавода бадантарбия машқлари ўтказишига рухсат берилган.

Фақатгина фаолияти мамлакат ҳаёти учун зарур бўлган ташкилотлар ва компаниялар ходимлари ишга чиқиши мумкин.

Европада ҳаракатланишда мавжуд чекловларга қарамай, мамлакатлар бир-бирига тиббий ёрдам бўйича кўмак кўрсатишмоқда. Франциянинг Эльзас вилоятидаги оғир аҳволдаги беморлар қўшни Швейцария ва Германиядаги шифохоналарга олиб борилмоқда.

Бундай ташаббус кўплаб сиёсатчилар томонидан қўллаб-қувватланган, аммо бунга қаршилар ҳам топилади, уларнинг прогнозларига кўра, бу мамлакатларда ҳам яқин вақтларда беморлар сони ҳаддан зиёд ошиб кетади ва ўшанда уларни жойлаштиришга жой қолмаслиги мумкин.

Трампнинг режалари

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус сабаб жорий этилган чекловларни бекор қилиш режаси ҳақида гапирди.

«Америка яна тез орада бизнес учун очилади. Жуда оз фурсатда, уч ёки тўрт ойдан ҳам эртароқ», деди у Оқ уйда ўтказилган брифингда.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ администрацияси 30 март куни мамлакат эндиликда қандай йўлдан кетиши тўғрисидаги қарорни қабул қилади. «Гап мамлакатимизнинг очилиши ҳақида кетмоқда, чунки биз кўринмас душмандан қочиш йўлида иқтисодий жиҳатдан деярли тўхтаб қолдик. Бизнинг мамлакатимиз ёпиқ бўлиш учун яратилмаган», дейди Трамп.

Унинг баёноти коронавирусга чалинган америкаликлар орасида ўлим ҳолатлари ортиши фонида янгради. Айни вақтга келиб АҚШда 50 мингга яқин кишида вирус аниқланган, 622 киши вафот этган.

АҚШда Миллий гвардиянинг 9 мингдан ортиқ ҳарбийси коронавирусга қарши сафарбар этилиши кутилмоқда.

Бошқа давлатлардаги вазият

Индонезияда жамоат жойларида қўл ювиш учун шароитлар ташкил этилган / BARCROFT MEDIA

Индонезияда сўнгги бир кунда яна 107 кишида вирус аниқланди ва бу мамлакат учун энг юқори кўрсаткич. Мамлакатда жами 686 киши вирусдан зарарланган, уларнинг 55 нафари вафот этган.

Финляндиянинг собиқ президенти Мартти Ахтисаари ва унинг рафиқаси Ээва ҳам вирус юқтириб олган. Оила вакилларининг айтишича, улар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда. Собиқ президент 82 ёшда. У Финляндияни 1990-йилларда бошқарган. Ахтисаари халқаро зиддиятлар ҳал қилинишидаги саъй-ҳаракатлари учун Нобел мукофотини олган.

Туркия озиқ-овқат дўконлари фаолиятида ҳам вақт чекловлари ўрнатди. Энди дўконлар эрталабки 9дан кечки 9гача ишлаши мумкин. Ҳукумат харидорлар бўйича ҳам чекловлар жорий қилган. Унга кўра, харидорлар бир-биридан масофа сақлаши керак.

Туркияда мактаблар, кафелар, барлар аллақачон ёпилган, масжиддаги ибодатлар ва спорт тадбирлари тўхтатилган. Бундан ташқари, кўплаб давлатлар билан авиақатновлар тўхтаган. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 1529 нафарни ташкил қилмоқда, 293 киши оламдан ўтган.

Ҳиндистон 25 мартдан тўлиқ карантинга ўтади - аҳолиси сонига кўра иккинчи ўринда турувчи мамлакатдаги 1,3 миллиард киши уч ҳафта давомида уйидан чиқиши тақиқланади. Мамлакатда ўтган ҳафтада жамоат транспорти фаолияти тўхтатилганди. Душанба куни ҳукумат ички авиарейсларни ҳам тўхтатди. Мамлакатда ҳозирча 519 киши коронавирусдан зарарланган, 10 киши вафот этган.

Қўшни Покистонда вирусдан зарарланганлар сони икки баробар кўпроқ - 958 ҳолат, 7 ўлим. Бу мамлакатда ҳам кўплаб чекловлар ўрнатилган, айрим провинцияларда тотал карантин жорий этилган.

827 кишида вирус қайд этилган Таиланд ҳукумати , фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мамлакат бош вазири Прают Чан-Оча бу ҳолат бир ой давом этишини билдирди. Бу ҳукуматга қўшимча ваколатлар тақдим этади. Бу чораларга кўра, йўлларда назорат постлари ўрнатилади, шаҳарларда комендантлик соати жорий этилади.

Айни вақтга келиб Германиянинг айрим ҳудудларида, Грецияда, Сербияда, Францияда, Кот-д'Ивуарда, Сенегалда, ЖАРда, АҚШнинг айрим штатларида, Аргентинада, Эквадорда, Мисрда, Иорданияда, Ироқда, Кувайтда, Фаластинда, Саудия Арабистонида, Қирғизистонда, Мавританияда, Тунисда, Филиппинда, Шри-Ланкада ва Ҳиндистонда коронавирус туфайли комендантлик соати жорий этилган.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 50 кишига етди. Улардан 5 нафари деярли соғайган, 11 нафарининг аҳволи ўртача оғир даражада. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10 кишининг ёши 50дан юқори. 4 нафари ҳали 9 ёшга тўлмаган.

Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматовнинг маълум қилишича, Франциядан келган илк бемор ўз хонадонида 35 кишилик байрам қилган, ҳозирча у жами 14 кишига вирус юқтиргани аниқланган.

Сўнгги карантин чоралари доирасида республика бўйлаб 14 мингга яқин умумий овқатланиш корхонаси фаолияти вақтинча тўхтатилди, Қамчиқ довонида транспорт ҳаракати чекланди - пойтахт Тошкент шаҳри бошқа вилоятлардан кириб келиш учун ёпиб қўйилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ташкилотлар ходимлари масофадан ишлашни бошлаган, 25 март кунидан мамлакатда ниқобсиз кўчада юрганлик учун жарима қўлланади. 

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовнинг огоҳлантиришича, бу талабни бажармайдиганлар маъмурий жавобгарликка тортилади, такрорий ҳолатда эса жиноий жавобгарлик ҳам қўлланиши мумкин.

Мавзуга оид