Жамият | 19:00 / 24.03.2020
6519
2 дақиқада ўқилади

Хорижда қолиб ҳам касалликдан сақланиш чорасини кўриш мумкин – Нурмат Отабеков

Агар фуқароларимиз эпидемик нохуш ҳудудларда қолишса ҳам, уларда  оз-оз вирус олиш орқали ўзларида иммун тизимини шакллантириб олиш имконияти бор.

АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган навбатдаги онлайн брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков чартер рейсларда фуқаролар олиб келиниши мамлакатда коронавирусга чалинганлар кўпайишига сабаб бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

«Албатта, Ўзбекистон ўз фуқароларини ташлаб қўймайди. Хорижда яшаётган ва Ўзбекистонга қайтишни хоҳлаган барча фуқароларни мамлакатга олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Ҳатто бирор давлатда фуқароларимиз сон жиҳатдан кам бўлса, қўшни давлатлар авиакомпаниялари орқали олиб келиш масалалари ҳам ҳал қилинмоқда.

Энг асосийси, хорижда яшаётган фуқароларимиз билиши керакки, тиббиёт билан шуғулланган ота-боболаримиздан қолган бир гап бор: «Вабо касаллиги мавжуд жойдан чиқма ва вабо касаллиги бор ерга борма».

Агар фуқароларимиз эпидемик нохуш ҳудудларда қолишса ҳам, уларда оз-оз вирус олиш орқали ўзларида иммун тизимини шакллантириб олиш имконияти бор», дея қайд этди Нурмат Отабеков.

Унинг қўшимча қилишича, хорижда қолиб ҳам касалликдан сақланиш чорасини кўриш мумкин.

Нурмат Отабеков бутун дунё тажрибасида юрак-қонтомир, нафас йўллари тизими касалликлари ва қандли диабети бор беморлар билан кўпроқ ўлим ҳолатлари қайд этилаётганига тўхталиб ўтди.

Унинг қайд этишича, коронавируснинг энг оғир асоратларидан бири – нафас қисиши ҳисобланади.

«Коронавирус юқтирган беморда бирор сурункали касалликнинг бўлиши  уларда коронавирус инфекцияси туфайли ўлим кузатилишининг асосий сабабидир.

Шунинг учун юрак-қонтомир, нафас йўллари тизимида касалликлари ва қандли диабети бор беморлар билан кўпроқ ўлим ҳолатлари қайд этилмоқда», дейди у. 

Мавзуга оид