Ўзбекистон | 20:40 / 25.03.2020
8374
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура раҳбарияти карантин қоидаларини бузмасликка чақирди

Ўзбекистон Бош прокуратураси халққа мурожаат йўллаб, ўрнатилган карантин қоидаларига амалга қилишга чақирди. 

25 март куни АОКА қошида ташкил этилган штабда ўтказилган онлайн брифинг орқали Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев ушбу чақирувни ўқиб эшиттирди. 

Ҳурматли ватандошлар!

Буюк аждодларнинг ворислари, бой тарихий қадриятларга эга бўлган кўп миллатли Ўзбекистон халқи ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган ва беқиёс анъаналаримиз ҳамда умуминсоний қадриятларга суянган ҳолда бу эзгу мақсадларга етишишга қодир.

Шу боисдан ҳам, коронавирус инфекциясининг юртимизда тарқалишига йўл қўймаслик ва ундан қисқа муддатда халос бўлиш учун барчамиз баҳамжиҳатлик билан курашайлик!

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ходимларининг ҳар бири, Ўзбекистон халқининг бошига, бутун дунёда бўлаётгани каби, ташвишли ишлар тушиб турган бир пайтда, Сиз билан елкама-елка туриб, Халқнинг, Ватаннинг оғирини енгил қилишни, муаммоларни ечишни ўзлари учун шараф, деб билишади.

Сиздан илтимосимиз: Ўрнатилган карантин қоидаларига Ўзингиз ва атрофингиздагилардан қатъий амал қилишини талаб қилинг!

Зеро, арзимасдек кўринган эътиборсизлик Сиз учун азиз бўлган инсонларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин.

Яқинларингизни асранг!

Мавзуга оид