Жамият | 14:10 / 25.03.2020
10551
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумлар оила аъзолари билан кўришишига рухсат берилмайди - Вазирлик

Ички ишлар вазири матбуот хизмати котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, карантин туфайли қамоқхоналардаги маҳбуслар оила аъзолари ва яқинлари билан учраша олмайди. 

«Юртимиздаги жазони ижро этиш муассасаларининг барчаси карантин режимига ўтказилган.

Маҳкумларга яқин қариндошлари билан узоқ муддатли учрашувлар берилиши вақтинча тўхтатилди. Бунинг ўрнига уларнинг хоҳишига қараб телефон орқали алоқа ўрнатиш таъминланди.

Бундан ташқари, ходимларнинг хизмат хоналари, шу билан бирга маҳкумлар кўп вақтини ўтказадиган жойлар, хусусан, ётоқхоналар, ошхона ва учрашувхоналарни шамоллатиш, намли тозалаш ҳамда кварцлаш ишлари ва дезинфекция тадбирлари ҳар 4 соатда амалга оширилиши белгиланди.

Бундан ташқари, тергов ҳибсхоналарга кираётган адвокат, терговчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари текширилиб, тана ҳарорати кўтарилган ёки шамоллаш аломатлари кузатилган шахсларни ҳибсхона ҳудудига киритилмаслиги ташкиллаштирилди.

Вазиятдан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари билан боғлиқ ҳаракатларни масофавий амалиётга ўтказилиши мумкин», деди у AОКA қошидаги коронавирусга қарши ташкил этилган штабда ўтказилган брифингда.

Вазирлик вакили карантин пайтида Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда ўтганларнинг муддати тугаса, қайта рўйхатдан ўтиш учун нима қилиш кераклиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарди. 

«Карантин чекловлари даврида, 24 мартдан бошлаб ички ишлар органлари аҳолига хизмат кўрсатиш фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ушбу ҳолат йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш фаолиятига ҳам боғлиқ. Ушбу фаолият карантин чоралари бекор қилинган вақтдан кейин давом эттирилади», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид