Машиналар бесабаб Самарқанддан чиқарилмаяпти: вилоятдаги ЙПХ постларидан репортаж
Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари пост-патрул масканларида тун-у кун хизмат олиб борилмоқда. Kun.uz мухбири вилоят йўлларидаги ЙҲХ ходимларининг карантин давридаги фаолияти билан қизиқди.
24 март, соат 23:00. Самарқанд шаҳридан Тошкент ва Бухоро шаҳарларига таксилар қатнайдиган «Улуғбек» бекати сокин. Бирорта енгил такси кўринмайди. Чунки Тошкент шаҳрига вилоятлардан кириш карантин сабабли ёпиб қўйилган.
ДЙҲХХ инспекторлари маскасиз ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни 25 мартдан бошлаб жарима қўлланиши ҳақида огоҳлантиришмоқда.
«Юқори нуқта» ЙПХ масканида Тошкент томон йўл олаётган енгил автомашиналар кўздан кечириляпти.
Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори Хуршид Сафаровнинг айтишича, бу маскандан Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва водий вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилган автомашиналар текшириб ўтказилмоқда. Юк машиналари текширувсиз ўтказиб юборилмоқда.
Тошкент шаҳрига йўл олган автобуслар йўловчисиз, бўш қайтиб кетмоқда.
Самарқанд вилояти ҳудудига кириб келаётган машиналар эса СЭОМ ходимлари томонидан дезинфекция қилиняпти.
Самарқанд шаҳрига киришдаги «Штаб» ЙПХ масканида ҳам ЙПХ ва «Миллий гвардия» ходимлари томонидан Тошкент шаҳрига бесабаб бораётган енгил машиналар тўхтатилиб, текширилмоқда.
Айрим йўловчиларнинг нега Тошкент шаҳри томонга кетаётганига қизиқдик. Шаҳрисабзлик «Лада Ларгус» ҳайдовчисининг айтишича, унинг онаси Тошкентда жарроҳлик касалхонасида 10 кун даволаниш курсини ўтаган. Тошкентдан бемор онасини олиб келишга «Тез ёрдам» машинаси 4 миллион сўм сўрагани учун, танишининг «Ларгус» машинасини ёллаган. Даволовчи врач «тез ёрдам» машинасида унинг онасини Тошкент шаҳридаги касалхонадан чиқариб беришини айтган.
Сурхондарёлик кейинги ҳайдовчи эса оиласи билан Янгийўл шаҳрида истиқомат қилади. Автомашинасини расмийлаштириш ишлари билан Сурхондарёга бориб, бир ҳафтага ишлари чўзилган. Оиласи бағрига – Янгийўл шаҳрига қайтиши керак.
Тўхтатиб турилган навоийлик учинчи машинада ота-она ўтирибди. Уларнинг қизи Гулистон шаҳрида яшар экан. Куёви ҳарбий. Карантинга жалб қилинган. Улар қизлари ва неварасини Навоийга олиб келиш учун йўлга чиқишган.
Мана шундай жўяли сабабларга эга ҳайдовчилардан бирров тушунтириш олиниб, постдан ўтказилмоқда. Бесабаб Тошкент шаҳри томон йўл олганлар вилоятдан чиқарилмаяпти.
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024