Спорт | 21:21 / 25.03.2020
3976
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда спортчиларнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнлари вақтинча тўхтатилди

Лицензион мусобақаларнинг саналари аниқ бўлгунга қадар миллий терма жамоа аъзолари ўз уйларида индивидуал режа асосида машғулот олиб борадилар.

Фото: МОҚ

Токио-2020 Олимпиадаси 2021 йилда ўтказилиши бўйича якуний қарор қабул қилинганидан сўнг Олимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзолари учун ташкил этиладиган барча ўқув-машғулот йиғинлари 25 мартдан вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Бунгача мамлакат терма жамоалари аъзоларининг XXXII ёзги Олимпия ҳамда XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўришлари учун уларга бириктирилган спорт базаларида режалаштирилган ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилган эди.

Лицензион мусобақаларнинг саналари аниқ бўлгунга қадар миллий терма жамоа аъзолари ўз уйларида индивидуал режа асосида машғулотларни мураббийлар томонидан ишлаб чиқилган кунлик тайёргарлик режалари асосида олиб борадилар.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган “тезкор штаб” миллий терма жамоа спортчиларининг индивидуал режа асосида кунлик машғулот ўтказишларини доимий тарзда мониторинг қилиб боради”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, миллий терма жамоа бош мураббийлари томонидан масофали машғулотлар онлайн тарзда олиб борилади ҳамда вазиятдан келиб чиққан ҳолда спортчиларни индивидуал ҳолатига қараб керакли маслаҳатлар бериб борилиши таъминланади.

Маълумот берилишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Спорт” телеканали билан ҳамкорлигида карантин даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда спорт билан шуғулланиб туриш борасида аҳоли учун тавсия шаклида махсус теледастурлар тайёрланиб эфирга узатилиши йўлга қўйилди. Хусусан, спорт тренерлари иштирокида уй шароитида қай тарзда машғулотлар олиб бориш бўйича маслаҳатлар акс этган 10 дақиқалик видеодарслар “Спорт ТВ” телеканали орқали ҳар куни намойиш этиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар доирасида 16 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги барча таълим ва спорт муассасалари номаълум муддатга ёпилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудида ўтказиладиган барча спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари ҳамда бошқа ички мусобақалар ҳам номаълум муддатга қолдирилди.

 

Мавзуга оид