25 март куни республика бўйича 893 киши карантин қоидаларига амал қилмагани аниқланди – ИИВ
ИИВ Ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 16–25 март кунлари карантин қоидаларига амал қилмаган жами 980 та ҳолат аниқланган. Шундан 893 таси 25 март, 87 таси қолган кунларга тўғри келади. Карантин тартибини бузган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Жумладан, Тошкент шаҳрида – 101 та, Тошкент вилоятида – 103 та, Жиззах вилоятида – 14 та, Бухоро вилоятида – 52 та, Самарқанд вилоятида – 328 та, Қашқадарё вилоятида – 11 та , Сурхондарё вилоятида – 22 та, Хоразм вилоятида – 11 та, Сирдарё вилоятида – 19 та, Фарғона вилоятида – 74 та, Навоий вилоятида – 10 та, Наманган вилоятида – 61 та ҳолатда фуқаролар карантин қоидаларини бузишган.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи 28 яшар Ж.Р. тиббий кузатув остига олинганлигига қарамасдан, 2020 йил 25 март куни соат 12:00ларда яшаш манзилидан чиқиб кетганлиги учун Тошкент шаҳри Учтепа туманида ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан ушланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жаримага тортилган.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 39 яшар Б.Р. 2020 йил 25 март куни соат 13:30ларда Амир Темур маҳалласи ҳудудида махсус ҳимоя ниқобисиз, жамоат жойда юрганлиги аниқланиб, унга жарима қўлланган.
2020 йил 16 март куни Россиядан келган, шу сабабли Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида уй шароитида тиббий кузатувга олинган 54 яшар Қ.Р. карантин қоидаларига риоя қилмасдан, 2020 йил 25 март куни соат 16:30ларда яшаш жойидан чиқиб кетгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида яшовчи 32 яшар Б.О. расман огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ўзига тегишли бўлган Учқудуқ тумани буюм бозорида жойлашган ноозиқ-овқат дўконида фаолият олиб бораётганлиги аниқланган ва жаримага тортилган.
“Бугунги вазиятда ички ишлар органларининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда коронавирусга қарши кураш олиб бориб, карантин қоидалари ва санитария чекловларига қатъий риоя қилиш ҳамда юртдошларимизнинг саломатлигини асраш асосий вазифаси бўлиб қолмоқда. Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт. Бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига катта ҳисса қўшган бўламиз”, дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
12:01 / 23.07.2024