Жаҳон | 22:02 / 26.03.2020
8525
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва Афғонистон ўзаро дипломатларни чиқариб юборди

ОАВ маълумотларига кўра, охирги кунларда Афғонистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган ва бунинг ортида улар ўз ҳудудларидан ўзаро дипломатларни чиқариб юборишди.

Фото: Mehr

Афғонистон матбуотининг маълум қилишича, Афғонистон бир неча эронлик дипломатни чиқариб юборган. Эрон ўз навбатида бунга жавобан ўз ҳудудидан икки афғон дипломатини чиқариб юборган.

Ушбу дипломатик можаронинг сабаби ҳанузгача тушунтирилмай келинмоқда. Бироқ Эрон Афғонистонда ўтган президент сайловларининг расмий натижаларини тан олмай келаётган томонлардан бири ҳисобланади. Ушбу натижаларга кўра Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани иккинчи муддатга президент деб эълон қилинганди. Бундан ташқари, Афғонистондаги сайловолди пойгаси вақтида Эрон Ғанининг сайловлардаги асосий рақиби Абдулла Абдуллани қўллаб-қувватлагани маълум қилинган.

Бу орада Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги эронлик дипломатларнинг чиқарилиб юборилишига изоҳ бермаган ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар “одатдаги йўсинда” давом этаётганини айтган.

2 ой аввал, эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилиши сабабли Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар кескинлашган вақтда Эроннинг Кобулдаги элчиси Баҳодур Амниён Эрон Афғонистонга ҳужум қилмаслигини, бироқ АҚШнинг Афғонистондаги базаларига ҳужум қилиш-қилмаслик борасидаги қарорни расмий Теҳрон қабул қилишини айтган.

Аввалроқ Ашраф Ғани ёрдамчилари Эронни Абдулла Абдуллани қўллаб-қувватлашда айблашган. Бироқ Эрон Абдулланинг қўллаб-қувватланиши ва афғон дипломатлари чиқариб юборилиши бўйича ҳали бирор баёнот бермаган.

Мавзуга оид