Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон Али Хоминаий билан хайрлашади
Эронда мамлакатнинг марҳум олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий билан видолашув маросимлари 4 июл куни бошланади. Олти кун давом этадиган мотам тадбирларида 30 дан ортиқ давлат расмийлари, 90 дан зиёд мамлакатнинг диний арбоблари ҳамда миллионлаб фуқаролар иштирок этиши кутилмоқда.
Эрон ва Ироқда оятуллоҳ Али Хоминаий хотирасига бағишланган кенг кўламли мотам тадбирлари ўтказилади. Эрон ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам маросимларини ташкил этиш бўйича штаб раҳбари Али Акбар Пуржамшидиённинг маълум қилишича, видолашув маросимларида 30 дан ортиқ давлатнинг расмий делегациялари ҳамда 90 дан зиёд мамлакатнинг диний пешволари иштирок этади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Боғоий ҳам олий раҳбарнинг вафоти муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда минтақа мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг юқори мартабали вакиллари қатнашишга тайёр эканини тасдиқлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага кўра, 3 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Эронга ташриф буюриб, мотам маросимларида иштирок этади.
Расмий дастурга мувофиқ, 4 июл куни Теҳрондаги «Мосалла» мажмуасида оммавий видолашув маросими бошланади. 5 июл куни ушбу мажмуада жаноза намози ўқилиб, пойтахт кўчаларида оммавий мотам юриши ташкил этилади.
Мотам тадбирлари Қум ва Машҳад шаҳарлари, шунингдек, Ироқнинг шиа мусулмонлари учун муқаддас ҳисобланган Нажаф ва Карбало шаҳарларида ҳам давом этади. Али Хоминаийни дафн этишнинг якуний маросими 9 июл куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Маросимларни мувофиқлаштириш учун Эронда ягона миллий штаб тузилган. Ироқ томони ҳам мотам тадбирлари ва жасадни қабул қилиш ишларини ташкил этиш бўйича алоҳида мувофиқлаштириш марказини ишга туширган.
Расмийлар маълумотига кўра, мотам маросимларида иштирок этувчилар сони миллионлаб кишига етиши мумкин. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу тадбирларни нафақат мамлакат, балки бутун Ғарбий Осиё минтақаси учун муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоламоқда.
Али Хоминаий 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган илк зарбалари оқибатида вафот этган эди. Расмий видолашув маросимларининг тўрт ойдан сўнг ўтказилаётгани минтақадаги ҳарбий можаро, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ҳамда эришилган вақтинчалик келишувлар билан изоҳланмоқда.
Мавзуга оид
08:28
Венесуэлада етти кунлик мотам эълон қилинди
21:57 / 01.07.2026
Ўзбекистон делегацияси Эрон олий раҳбарининг дафн маросимида иштирок этади
22:59 / 30.06.2026
400 кг уран нега 60 фоизгача бойитилган? Эрон элчисининг жавоби
14:37 / 30.06.2026