Жанубий Корея қандай қилиб коронавирус эпидемиясини жиловлай олди?
Жанубий Корея COVID-19 эпидемияси билан биринчилардан бўлиб тўқнаш келди, аммо бу ерда касаллик тарқалиши бошқа мамлакатлардагига нисбатан секинроқ кечмоқда.
Forbes бу мамлакатда амалга оширилаётган чоралар хусусида сўз юритди.
Кореяда касалланиш билан боғлиқ илк ҳолат 21 январда қайд этилганди, кейин беморлар сони ўса бошлади ва 29 февралда бир кунда 900та янги бемор аниқланди, беморларнинг умумий сони эса 3 мингдан ошиб кетди.
Жанубий Корея коронавирус эпидемиясига биринчи марта дуч келаётгани йўқ: 2015 йил май-июнь ойларида мамлакат MERS–CoV вирусига қарши курашишига тўғри келганди. MERS’га чалинган дастлабки бемор Баҳрайндан қайтган 68 ёшли кореялик бизнесмен эди. Касаллик юқтириш билан боғлиқ ҳолатларнинг 44 фоизи беморларнинг етарлича даражада изоляция қилинмаганлиги оқибатида юз берди. Натижада эпидемиянинг асосий ўчоқлари касалхоналар бўлди. Икки ой ичида MERS юқтирганлар сони 186тага етди, 38 киши вафот этди, 16 993 киши карантинга олинди.
MERS эпидемияси мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг заиф нуқталарини кўрсатиб берди: коронавирусга чалинишни дастлабки босқичдаёқ аниқлик ва тезлик билан аниқлаш тизимининг мавжуд эмаслиги, беморларни изоляция қилиш чораларига амал қилмаслик (8 шифокор ва 15 ҳамшира касаллик юқтириб олди), тиббиёт ходимлари ва ҳукуматнинг етарли даражада тайёр эмаслиги.
2020 йилда Жанубий Корея янги ва жиддийроқ синовга - COVID-19 коронавирус эпидемиясига дуч келди. Мамлакат бу сафар самарали чоралар кўра олди. 26 март ҳолатига бу ерда беморлар сони 9241тани ташкил этмоқда, 131 киши вафот этди, 4144 киши соғайиб кетди.
Жанубий Корея ҳукумати кўрган чора-тадбирлар натижасида касаллик юқтириш ҳолатларини сезиларли равишда камайтиришга эришилди, асосийси, ўлимлар сони жуда кам. Ёш гуруҳига тақсимланса, беморларнинг 27 фоизи — 20-30 ёшлилар, 24 фоизи — 30-50 ёшлилар, 19 фоизи — 50-60 ёшлилар, 20 фоизга яқини — 60-80 ёшлилар ва 4,4 фоизи —80 ёшдан катталар. Беморларнинг 61,3 фоизини аёллар ташки этади.
Жанубий Корея ҳукумати коронавирусга қарши курашдаги асосий тамойил шаффофлик ва касалликни барвақт аниқлаш эканлигини маълум қилди. Шаффофлик сиёсати касаллик юқтириш ҳолатлари борасида очиқликни кўзда тутади. Касаллиги тасдиқланганлар тўғрисидаги маълумотлар, коронавирусга таҳлил топширганлар, тузалган ва вафот этганлар тўғрисидаги маълумотлар Корея соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги махсус марказ томонидан жамланади ва кенг жамоатчиликка маълум қилинади. Беморга рақам берилади ва у очиқ манбаларда мана шу рақам остида қайд этилади. Беморнинг банк карталари, яшаш ва иш жойи, борган жойлари тўғрисидаги маълумотлар асосида коронавирусга чалинган эҳтимолий беморлар “харитаси” тузилади. N рақами остидаги бемор тўғрисидаги маълумот у билан охирги марта мулоқот қилганларга СМС-хабар шаклида жўнатилади. Ҳозирда барча касалликка чалинганлар эпидемия ўчоғига қараб шартли “кластер”ларга бўлинган. Бундай “кластер”лар 10та бўлиб, эпидемия ўчоғи аниқланмаган яна бир “кластер” мавжуд.
Вирусни дастлабки босқичдаёқ сифатли ва тез аниқлаш коронавирусни даволашда муҳим аҳамиятга эга. Жанубий Корея компаниялари қисқа вақт ичида коронавирусни дастлабки босқичдаёқ аниқлаш имконини берувчи тест мажмуаларини ишлаб чиқди. Жумладан, Seegene компаниясининг тестлари бир вақтнинг ўзида 100 кишини текшириш имконини беради. Компания ҳафтасига 10 минг дона тест ишлаб чиқаради – бир ҳафтада бир миллион кишини текшириш мумкин.
Текширув жараёнини осонлаштириш учун ҳукумат кўчма тиббиёт пунктларини очди, фуқаролар автомобилидан тушмасдан ўзларини текширтиришлари мумкин. Касаллик симптомлари мавжуд ёки беморлар билан мулоқотда бўлганлар таҳлил топшириши шарт. Касаллик аниқланган тақдирда уни касалхонага жойлаштириш ёки жойлаштирмасликни шифокор белгилайди. Касаллик енгил шаклда ўтаётганлар уй карантинига жойлаштирилади. Касаллик ташувчиларни изоляция қилиш учун Samsung, LG компаниялари ўз биноларини (меҳмонхоналар, ўқув марказлари) ажратиб берди. Шу тарзда Жанубий Кореяда касалхоналарга тушадиган босимни камайтиришга эришилди.
Жанубий Кореяда коронавирусга қарши курашнинг муҳим омилларидан яна бири фуқаролик масъулияти ва ҳамжиҳатликнинг юқори даражада эканлиги ҳамдир. Кореяликлар соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсия қилган барча чораларга оғишмай амал қилмоқда: ҳамма ниқоб тақмоқда, гигиена қоидаларига риоя қилмоқда, умуман олганда, ўз соғликларига масъулият билан ёндашмоқда. Ўз навбатида, мамлакат ҳукумати шаффофликка амал қилган ҳолда ҳокимият ва жамоатчилик ўртасидаги ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликни оширмоқда.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024