Ўзбекистон | 12:03 / 27.03.2020
27415
2 дақиқада ўқилади

Депутат карантин даврида пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини чеклашни таклиф қилди

Депутат Бобур Бекмуродов карантин даврида автомобилларнинг, лозим бўлса, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини чеклашга чақирмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси Covid-19 пандемияси тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чораларга қарамасдан, жамиятнинг сезиларли қисми карантин қоидаларига ўта масъулиятсизлик билан қараётганини танқид қилди. У автомобилларнинг, лозим бўлса, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш бўйича қарор қабул қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

«Кўчада ниқобсиз юрган одамлар, йўллардаги автомобилларнинг ҳали-ҳануз кўплиги, шунингдек, жамиятимизда карантинда яшаш маданияти шаклланмаганини инобатга олиб, талабларни янада кучайтиришга жиддий эҳтиёж борлигидан далолат бермоқда», - фикрини далиллаган у.

Депутатнинг таъкидича, фақатгина истисно ҳолларда кўчага чиқишига рухсат берилиши (дўкон ва дорихонага чиқиш, кексалар ва камбағалларга хайрия билан машғул кўнгиллилар иши, уй ҳайвонларини сайр қилдириш ва бошқа махсус сабаблар) керак.

Сўнгги маълумотларга кўра, бир суткада Италияда 712 киши, Испанияда 718 киши коронавирус туфайли вафот этди. Вирус тарқалиши ўта тезлашди – уч кунда дунё бўйича 107 мингта янги зарарланиш ҳолати қайд этилди.

Мавзуга оид