Жаҳон | 21:37 / 27.03.2020
40224
3 дақиқада ўқилади

Эронда «коронавирусдан даво» сифатида метил спирти қабул қилишдан 300дан кўпроқ одам вафот этди

Эронда коронавируснинг олдини олиш ва ундан даво мақсадида метанол қабул қилган 300дан кўпроқ киши вафот этди ва мингдан кўпроқ киши заҳарланди.

Фото: AFP

Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.    

Эронда ижтимоий тармоқларда ишлаб чиқариш спирти – метанол коронавируснинг олдини олиши ва ҳаттоки унга чалинган беморларни тузатиши ҳақида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Жумладан бундай ёлғон хабарлар Британиянинг Daily Mail нашри хабарига асосланган ҳолда тарқатилган. Хабарда бир ўқитувчи ва яна бир неча киши коронавирусдан “виски ва асал” ёрдамида тузалиб кетгани ҳақида маълум қилинган. 
 
Шу сабабли кўплаб эронликлар вирусни енгиш умидида таркибида метанол бўлган кимёвий воситалар – антифриз, суюлтиргич (растворитель) ва автомобил ёнилғиси қабул қила бошлашган. Бу эса юзлаб қурбонларга ва минглаб одамларнинг соғлиғига турли даражада зарар етишига олиб келган. Шунингдек, юзлаб одамлар кўр бўлиб қолган. 

Таъкидланишича, алкоголга талаб ошгани ортида маҳаллий “самогончилар” ўта заҳарли метанол сотишмоқда.

 “Метанолнинг коронавирусга қарши самарадорлиги ҳақидаги ёлғон хабарнинг тарқатилиши Эрон фуқароларига коронавирус етказаётган зиён каби зарар етказмоқда”, деб айтган токсиколог шифокор Эрик Ховда.

Мутахассис айни вақтда коронавирусдан дори йўқлигини эслатиб ўтган.

10 мл метанолнинг (метил спирти) ичга қабул қилиниши оғир заҳарланишга, 80-150 мл эса ўлимга олиб келади. Заҳарланиш бир неча соат ичида авж олади.

Метанолдан заҳарланишнинг энг енгил шакли бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айнаш ва қайт қилиш билан кечади. Организмда метанол заҳарли бирикма - формальдегидгача оксидланади. Метил спирти ҳид ва таъм бўйича истеъмол учун қўлланадиган этил спиртидан фарқ қилмайди. Ундан заҳарланишда антидот сифатида этил спирти қўлланади.
 
Айни вақтда Эронда коронавирусга чалинганлар сони 32 мингдан ошиб кетди, ундан вафот этганлар сони 3 мингга яқинлашиб қолган. Эрон Яқин Шарқ минтақасида коронавирусдан энг кўп азият чекаётган давлат бўлмоқда. 

Мавзуга оид