Ўзбекистон | 16:34 / 27.03.2020
45872
2 дақиқада ўқилади

Карантин эълон қилинган бўлса ҳам Тошкент шаҳрида автотранспорт ҳаракати камаймаяпти - ИИВ

Карантин даврида Тошкент шаҳрида ходимларни ташиш учун мўлжалланган автобусларга махсус стикерлар ёпиштирилади. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олим Саидовнинг айтишича, карантин даврида Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланиши камаймаяпти. У бу ҳақда 27 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

“Айрим фуқаролар коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга бефарқлик билан қарамоқда. Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланиши камаймаяпти. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, шаҳарда автомобилларнинг ярми ҳеч бир сабабсиз ҳаракатланяпти. 40 фоизга яқини киракашлик билан шуғулланиб келяпти. Бу бўйича Транспорт департаменти билан кучайтирилган авторейд ўтказилмоқда. 

Автомобилларнинг атиги 10 фоизи давлат ташкилотлари ходимларига тегишли эканлиги аниқланди. Улар бу воситаларда ишга қатнаб келишмоқда. Автомобиллар ҳайдовчилари ва йўловчилари ниқобсиз юрибди. Бу эса инфекциянинг тарқалиш тезлигига таъсир қилади”, – дея Олим Саидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ расмийси Тошкент шаҳрига озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келаётган автотранспорт воситаларининг тезкорлик билан ўтиб кетишини таъминлаш мақсадида постларда алоҳида йўлаклар ташкил этилиши, карантин даврида Тошкент шаҳрида ходимларни ташиш учун мўлжалланган автобусларга махсус стикерлар ёпиштирилишини ҳам маълум қилди. 

“Тошкент шаҳрига озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келаётган авторанспорт воситаларининг тезкорлик билан ўтиб кетишини таъминлаш мақсадида постларда алоҳида йўлаклар ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги корхона-ташкилотларнинг 6004 нафар ходимларининг ишга бориб-келишларини таъминлаш учун “Тошшаҳартрансхизмат” АК таркибига кирувчи 303 та автобус ажратилди. 

Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш учун бу автобусларга махсус стикер рухсатномалар ишлаб чиқилди. Бу стикерлар автобуслар олд ойналарига ёпиштирилади ва улар текширилганидан сўнг Тошкент шаҳрида ҳаракатланиши ва Тошкент шаҳридан чиқиб кетишига йўл қўйилади. Бошқа рухсатнома ишлаб чиқилмаган”, – деб айтган Олим Саидов.

Мавзуга оид