Самолётлар энди ортиқ керакмас: Пандемия шароитида авиасозлар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда?
Жаҳон авиаташувчилик индустрияси тушиб қолган инқироз ўз-ўзидан авиасозлик саноатига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Авиация техникасини ишлаб чиқаришга коронавирус пандемияси бевосита таъсирини ўтказди — гигиенага қўйилган янги талабларни ҳисобга олиш зарурияти туфайли компаниялар ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлишди.
Бу талаблар нафақат ишлаб чиқаришни қайта ташкиллаштиришни тақозо этади, шунингдек, ишчи ўринларини ёппасига дезинфекция қилишни ҳам назарда тутади. Авиация ишлаб чиқариш эса, биламизки, чакана майдонларда амалга оширилмайди.
Боз устига, компания штатида атиги бир касал пайдо бўлса ҳам, у билан алоқада бўлганларнинг барчаси автоматик равишда карантинга жўнатилади.
Пандемия билвосита ўз таъсирини ҳам кўрсатди — авиаташувларнинг кескин камайиши ҳисобига авиа хизмати кўрсатувчилар ўз авиапаркини ривожлантиришни қайта кўриб чиқиб, янги самолётлар харид қилишга ҳам ўйланиб қолишди.
Яна бир билвосита омил — нефть нархлари тушиб кетиши бўлди. Қиммат нефть самолётлар ишланмасига таъсир ўтказган энг муҳим омиллардан бири бўлиб турган эди — янги авлоддаги Airbus A-320NEO ва Boeing 737MAX лайнерлари пайдо бўлишида уларнинг тежамкор двигателлари бош шарт қилиб белгилаб олинган эди.
Айрим экспертларнинг фикрича, энди, нефть нархлари кескин арзонлашгач ҳамда жаҳон авиапарки қисқара бошлагач, ўта тежамкор самолётларга бўлган талаб ҳам пасая бошлайди.
Бу омилларнинг барчаси авиасозлик билан шуғулланувчи корпорацияларнинг самолёт ишлаб чиқариш режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.
«Авиапорт» таҳлилий хизматининг раҳбари Олег Пантелеевнинг BBC’га айтишича, айни пайтда авиасозлик саноати учун самолётларни ишлаб чиқариш реал суръатларини бозор талабларига мослаштириш муҳим.
«Катта суръатларга эришиб, жаҳон авиасозлари катта харжлар қилишмоқда. Буюртмалар бекор қилинганда ва келажакда ҳаво кемаларини етказиб бериш муддатлари ўзгарганда, иккиламчи бозорларда самолётларнинг нархи кескин пасайганда — бу каби барча салбий омиллар чоғида бундай касса узилишини бартараф этиш учун нимадир қилиш керак бўлади», — дейди эксперт.
Avia.ru порталининг бош муҳаррири Роман Гусаровнинг фикрича, жорий инқирозда нафақат коронавирус ва унинг иқтисодий оқибатлари, шунингдек самолётларни ортиқча ишлаб чиқаришда ўз аксини топган жаҳон иқтисодиётининг умумий аҳволи ҳам айбдор.
Унинг сўзларига кўра, Европанинг Airbus корпорациясининг самолётлар ишлаб чиқариш суръати 2019 йилдаёқ сотув суръатларидан ортиқ эди: «Улар ўшандаёқ ишлаб чиқариш суръатларини пасайтиришга шама қилишаётган эди, буларнинг бариси коронавирусгача айтилаётган эди».
Boeing
Самолёт конструкциясидаги нуқсон туфайли йўловчи авиалайнерларининг кетма-кет ҳалокати ва 737МАХ лайнерларини етказиб бериш дастурининг тўхтатилишидан сўнг чуқур инқирозда қолган Американинг Boeing самолётсозлик корпорацияси Сиэтл ҳудудидаги корхоналарида самолёт ишлаб чиқаришни коронавирус туфайли бас қилишга мажбур бўлди.
Корпорация заводлари 25 март, чоршанба куни икки ҳафтага тўхтатилди. Boeing ишчиларнинг бир қисмини масофавий ишлашга, яна бир қисмини маош тўланадиган таътилга жўнатди.
Бу эса нафақат авиалайнерлар ишлаб чиқаришининг қисқаришига, шунингдек ҳарбий буюртмаларнинг ҳам барбод бўлишига олиб келди. Бу заводларда 737-800 базасида тайёрланган кемаларга қарши P-8 Poseidon самолёти ҳамда, 767 базасидаги ёқилғи элтувчи KC-46А самолётлари ҳам ишлаб чиқарилади.
Икки ҳафталик танаффус ишлаб чиқаришни қайта жиҳозлаш ва барча ишлаб чиқариш майдонларини дезинфекция қилиш учун керак.
Ўтган ҳафтада Boeing дивидендлар бўйича тўловларни, шунингдек, йил охирига қадар бош директор ҳамда директорлар кенгаши раисига маош тўлашни ҳам тўхтатганини эълон қилди.
Тўғри, Boeing’да сўнгги пайтда хушхабарлар ҳам бўлди — бир неча кун аввал корпорация 737MAX самолётлари ишлаб чиқаришни май ойига келиб қайтадан бошлашини эълон қилди.
17 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп аҳволи ёмонлашган Boeing «коронавирус» инқирозига бас келиши учун давлат томонидан молиявий ёрдам олиши кераклигини таъкидлади.
Бунгача корпорация АҚШ авиакосмик саноати 30 миллиард долларга муҳтож эканини таъкидлаб, бу пулдан қанчаси айнан ўзларига зарурлигини аниқлаштирмаган эди.
BBC’нинг рус хизмати суҳбатлашган россиялик авиация экспертларининг фикрича, йўқотишларни минималлаштириш учун Boeing барибир давлат кўмагига эга бўлса керак.
Airbus
Boeing’нинг фуқаролик самолётлари ишлаб чиқаришдаги бош рақобатчиси — ўтган ҳафтада Франция ва Испанияда ишлаб чиқаришни тўхтатган Европанинг Airbus корпорацияси тўрт кун ўтиб яна ишлай бошлади. Шу кунлар ичида улар ишлаб чиқаришни коронавирус пандемияси шароитида янги санитария талабларига кўра қайта жиҳозлашган.
Лекин улар Германия ва Буюк Британияда самолёт қаноти ишлаб чиқаришни уч ҳафтага қисқартирган. Бу ерда заводлар ёпилмайди, ишлаб чиқариш тўлиқ тўхтатилмайди, бироқ самолёт йиғиш заводларига тезкор етказиб бериш даражасигача қисқартирилади.
Airbus ўтган йилги 863 дона кўрсаткични 2020 йилда 880тага етказишни режалаштираётган эди. Бироқ энди компания ўз стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда, бу нафақат ишлаб чиқаришга, молиявий жиҳатга ҳам тегишли.
Корпорация айни пайтдаги 3 миллиард евролик кредит мажбуриятларига қўшимча равишда 15 миллиард евро кредит олиш учун директорлар кенгаши маъқулловига эга бўлганини эълон қилди.
Бундан ташқари, 2019 йилда 1,4 миллиард евролик дивиденд тўлашни рад этмоқчи, шунингдек пенсия жамғармасига ҳам тўловлар бекор қилинади.
Airbus’дагилар 2020 йилга ўз тахминларини қайта кўриб чиқишгани, агар вазият ёмонлашадиган бўлса пул маблағларига бўлган эҳтиёжларини минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишганини айтишмоқда.
Бошқалар
Айни пайтда регионал самолётларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича Boeing билан битимини якунлаш арафасида турган Бразилиянинг Embraer компанияси Бразилияда самолёт ишлаб чиқаришни бас қилиб, компанияда ўта муҳим лавозим эгалламаган барча ходимларини таътилга чиқариб юборди.
26 март куни Embraer 2019 йилнинг IV чорагида соф зарар 209,8 миллион долларни ташкил этганини эълон қилди. Embraer ҳозирча 2020 йил зарарларидан гап очгани йўқ, лекин жорий йил учун режаларини қайта кўриб чиқишини ваъда қилди.
Канаданинг Bombardier бизнес жетлари ишлаб чиқарувчи компанияси ҳам самолёт ишлаб чиқаришни тўхтатган.
Ишлар тўхтатилгани ҳақида De Havilland Canada ва Viking Air Limited авиасозлик компанияларига эгалик қилувчи Longview Aviation Capital Corp. ҳам эълон қилди.
Бу корпорация Bombardier компанияси томонидан ишлаб чиқилган турбовинтли регионал Dash 8-400 самолётларини ишлаб чиқаради.
Шунингдек, корпорация унча катта бўлмаган, қўшмоторли DHC-6 Twin Otter самолётларини ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатиб турибди.
Корпорациянинг Канададаги заводлари коронавирус туфайли авиаташувлар таназзулга юз тутгани сабаб самолётларга талаб камайгани учун тўхтатилган.
Россиянинг самолётсозлик корхоналари ҳозирча коронавирус пандемияси уларнинг ишига қандай таъсир ўтказгани ҳақида ҳисобот бермаган.
Олег Пантелеевнинг фикрича, Россия ва Хитой авиасозлик компанияларининг аҳволи шундоқ ҳам улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб ўта паст бўлгани туфайли у қадар оғир эмас.
«Агар бозор қайта тикланадиган онга келиб россиялик ва хитойлик ишлаб чиқарувчилар ўзларининг истиқболли самолётларини сертификатлаб, серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўя олишса, россияликлар қўшимча санкция чекловларидан қутулса, бу янги маҳсулот билан бозорга чиқиш учун энг яхши пайт бўлади. Катта харажатлар гирдобида қолиб, қўл-оёқлари боғланган рақобатчилар демпинг имкониятидан фойдалана олишмайди», — деди у.
Роман Гусаровнинг фикрича, россиялик авиасозларнинг аҳволи Россия иқтисодиёти, айниқса бюджети не кўйга тушишига жуда боғлиқ.
«МС-21 лойиҳаси, биламизки, ҳозирча ишланмани молиялаштириш босқичида. Россия-Хитой ишланмаси бўлган кенг фюзелажли самолёт ҳам ҳали эрта молиялаштирилиш босқичида. Ҳаттоки буюртмачиларга етказиб берилаётган Sukhoi Superjet-100 ҳам, унга ҳам бюджетдан кўп пул сарфланади. Шунинг учун бу ерда авиакомпаниялар эмас, Россия бюджетига кўпроқ нарса боғлиқ», — деди у.
Мавзуга оид
20:10 / 10.11.2024
ХКСда қолган астронавт кескин вазн йўқотмоқда
00:51 / 06.11.2024
Boeing ходимлари иш ташлашни тўхтатди ва корпорациянинг янги шартларини қабул қилди
21:56 / 23.10.2024
Boeing сунъий йўлдоши космосда парчаланиб кетди
10:20 / 21.10.2024