Ўзбекистон | 17:23 / 27.03.2020
34091
2 дақиқада ўқилади

Хизматни ўтаб бўлган аскарлар махсус рейс билан уйларига кузатилмоқда (фото)

Армияга чақирув вақтинча тўхтатилди. Хизматни ўтаб бўлган аскарлар махсус рейс билан уйларига кузатилмоқда 

Фото: Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати

Бугун, 27 март куни Марказий ҳарбий округида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган аскарларни ўз уйларига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Аслида аскарларни уйларига кузатиш тадбирлари 20 мартдан 10 апрел кунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган эди. Хавфли инфекция сабаб, фақат бир кун 27 март куни республиканинг барча йўналишлари бўйлаб, махсус рейслар йўлга қўйилади. 

Тадбирда округ қўмондони полковник Ойбек Саидов, ҳарбий қисм шахсий таркиби, Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри иштирок этди. 

Марказий ҳарбий округига қарашли Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий гарнизонларида бир йиллик хизматни ўтган жами 280 нафар аскарга олий ҳарбий таълим муассасасига кириш учун имтиёзли тавсиянома берилди. Улардан 40 нафари ўз истагига кўра, шартнома асосида ҳарбий хизматга қолди. Янги ташкил этилган Спорт взводида хизмат қилган 10 га яқин спортчи аскарлар округ ҳамда мудофаа вазирлиги номидан Халқаро тоифадаги спорт мусобақаларида қатнашиб, совриндор бўлди.

Округ қўмондонлиги ўз оиласи бағрига қайтаётган аскарлардан маҳалла-куй ва яқинлар олдида зиёфат уюштирмасликни сўради.

Муддатли ҳарбий хизматчилар махсус рейс билан бугун тунда, қатъий назорат остида Самарқанд-Тошкент-Андижон ҳамда Бухоро-Нукус йўналишида ўз уйларига кузатилади.

Мавзуга оид