Ўзбекистон | 10:02 / 28.03.2020
6731
6 дақиқада ўқилади

Умумтаълим фанларидан билимни баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилади

Умумтаълим фанларидан билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим фанларидан билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2020 йил IV чоракдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билимни баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилиши мумкин.

2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб, умумтаълим фанлари бўйича миллий сертификатга эга бўлган абитуриентга олий таълим муассасаси бакалавриатига қабул тест синовларида мазкур фандан белгиланган максимал балл берилади. Бунда, олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул квоталари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган сертификатга эга абитуриентлар орасида сертификат бўйича юқори балл олган абитуриентга нисбатан устуворлик таъминланади.

Умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаштириш қуйидаги муддатларда жорий этилиши белгиланади:

2020 йил IV чоракдан бошлаб, она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёт, қорақалпоқ тили ва адабиёт) ҳамда математика фанлари бўйича;

2022/2024 йилларда кимё, биология, физика, география ва тарих фанлари бўйича.

Умумтаълим фанларидан билимни баҳолаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш тартибини белгиловчи Умумтаълим фанларидан билимни баҳолаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Низомга кўра, умумтаълим фанларидан билимни баҳолаш ва давлат намунасидаги сертификатни бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тўлов асосида амалга оширилади, сертификат электрон шаклда берилади.

Сертификат бериш учун талабгордан ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Умумтаълим фанлари бўйича тест топшириқлари формати (фан мазмуни таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёри), баҳолаш мезонлари, шунингдек, талабгор томонидан тўлдириладиган ариза шакли Давлат тест маркази томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Талабгор сертификат олиш мақсадида тест синовида қатнашиш учун абитуриентлар маълумотлари ва аризаларини рўйхатга олиш тизими орқали электрон ариза бериб, рўйхатдан ўтади.

Рўйхатдан ўтиш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

шахсни тасдиқловчи ҳужжат: фуқаролик паспорти, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси;

3,5 х 4,5 см ўлчамли оқ фондаги рангли фотосуратнинг электрон шакли (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси билан мурожаат қилганда).

Талабгор учун Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида шахсий кабинет яратилади.

Талабгор тўловни амалга оширгандан сўнг у рўйхатдан ўтган ва Давлат тест маркази билан оммавий оферта шартномаси тузилган ҳисобланади.

Талабгор ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига талабгорнинг ўзи шахсан жавобгар ҳисобланади.

Давлат тест маркази томонидан талабгор тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар махфийлиги таъминланади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи ва суд томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда ариза берувчилар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.

Тест синовини ўтказиш жойи ва санаси Давлат тест маркази томонидан белгиланади.

Тест синовини ўтказиш санаси у ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин эълон қилинади.

Талабгор тест синови ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотга ўзининг шахсий кабинети орқали эга бўлади.

Талабгорнинг тест синовида белгиланган ўтириш ўрни Давлат тест маркази томонидан қуръа ташлаш йўли билан аниқланади ва далолатнома расмийлаштирилади.

Тест синови бланкаларда ёки компьютерда, тегишли дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали масофадан ўтказилиши мумкин. Тест синови Давлат тест маркази томонидан тасдиқланган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади.

Имтиҳон комиссияси ёзма ёки оғзаки синовлар белгиланганда шакллантирилади.

Имтиҳон комиссияси таркиби Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тасдиқланади, унга Давлат тест маркази ходимлари ва тажрибали педагоглар, малакали мутахассислар киритилади.

Тест синови тегишли дастурий таъминот асосида компьютерда ўтказилганда барча бўлимлар қамраб олинган ҳолда бир босқичда амалга оширилади.

Тест синови Давлат тест маркази масъул ходимининг раҳбарлигида ва кузатувида ўтказилади.

Тест синови вақтида ҳар бир иш жойида бир нафар талабгор ўтиради. Тест синовини ўтказиш жараёни доимий видеотасвирга олинади.

Тест синовини ўтказиш учун кузатувчилар жалб этилиши мумкин.

Тест синовига жалб этилган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар билан шартнома тузилади.

Талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида видео қайд этиш қурилмалари орқали текширишдан ўтгач, тест синовига қўйилади.

Тест синови ўтказилаётган аудиторияга ҳар қандай қўлланма, адабиёт, телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кириш қатъиян ман этилади. Тест синовини ўтказиш жараёнига турли хатти-ҳаракатлар билан салбий таъсир қилиш: бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш, саволлар китоби варақларини йиртиш, саволлар китобини бошқа талабгорларга бериш, тест синовига ажратилган вақт тугагандан сўнг ёзишни давом эттириш, бошқа талабгорга бирорта буюм узатиш тақиқланади. Ушбу талабларга риоя қилмаган талабгор синовдан далолатнома билан четлаштирилади. Четлаштириш далолатномаси натижаларнинг ҳисобланмаслигига асос бўлади.

Тест синовлари натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид