Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп иқтисодиётга коронавирус туфайли 2 триллион доллар ёрдам ажратилиши ҳақидаги қонунни имзолади
Бу молиявий ёрдам пакети мамлакат тарихида иқтисодиётга давлат томонидан кўрсатилган энг йирик кўмак чораси бўлди. Маблағлар соғлиқни сақлаш тизимини қўшимча молиялаштиришга, бизнесни қўллаб-қувватлашга ва америкаликларга тўғридан-тўғри тўловларга сарфланади.
АҚШ президенти коронавирус оқибатларини бартараф этиш ва мамлакат иқтисодиётини 2,2 триллион доллар миқдорида молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда у ўз Твиттерида маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, бу мамлакат тарихидаги энг йирик кўмак пакети бўлиб, «оилалар, ишчилар ва корхоналарни зудлик билан қўллаб-қувватлашни таъминлайди».
Бу маблағлар америкаликларга тўғридан-тўғри тўловлар ва нафақалар беришга ҳам, COVID-19 инфекциясининг тарқалишидан зиён кўрган корхоналар ҳамда алоҳида штатларни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бундан ташқари, соғлиқни сафлаш тизимига ҳам кўпроқ маблағ ажратиш назарда тутилган.
Масалан, йилига 75 минг доллар даромад қиладиган фуқаролар 1,2 минг, ёш болали оилалар ҳар бир фарзандига 500 доллардан тўғридан-тўғри тўлов олишади. Ишидан ажралган ва маошлари қирқилганларни ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Кичик бизнеснинг қарзларини қоплаш учун 367 млрд доллар ажратилади, яна 130 млрд доллар касалхоналарнинг эҳтиёжларига сарфланади.
Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда COVID-19 коронавирусини юқтириб олганлар сони 120 мингдан ошган. АҚШ бу борада Италия ва Хитойдан ўзиб кетган.