Ўзбекистон | 12:52 / 29.03.2020
102418
2 дақиқада ўқилади

Транспорт ҳаракати учун рухсатнома олишда қайси ҳужжатлар кераклиги маълум қилинди

Транспорт воситасида ҳаракатланиш имконини берувчи махсус рухсатнома (стикер)ни олиш учун қайси ҳужжатлар талаб этилиши маълум қилинди.

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Худоёр Мелиев Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар учун керакли ҳужжатлар рўйхатини маълум қилди.

Керакли ҳужжатлар қуйидагилар:

- фуқаролик паспорти;

- автомототранспорт техник паспорти;

- Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари учун – тегишли туман ҳокимлигининг хати;

- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

- лицензияланадиган фаолият турлари бўйича лицензия;

- рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

- ходимнинг меҳнат дафтарчаси ёки лавозимга тайинлангани тўғрисида буйруқ.

«Мазкур ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади. Карантин эълон қилинганига қарамасдан ДХМларга жуда кўп фуқаролар келаётганини инобатга олган ҳолда марказлар фақат сизларнинг ҳужжатларингизни қабул қилиш билан чекланади. Шу сабаб, вазиятни тўғри тушунган ҳолда, ҳужжатни ДХМ ходимига топшириб кетишингиз сўралади.

Ҳужжатлар икки соат ичида кўриб чиқилиб, рухсатнома тайёрланади. Сизга бу ҳақида қўнғироқ қилиниб, рухсатномани олиб кетиш сўралади», дея Худоёр Мелиевнинг сўзлари келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид