Ўзбекистон | 10:40 / 31.03.2020
88538
3 дақиқада ўқилади

Карантин қоидалари энг кўп бузилаётган ҳудудлар маълум бўлди

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар Ўзбекистон бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 14 968 та ҳолат аниқланди.

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазирлиги ҳудудлар кесимида рақамларни келтириб ўтди.

  • Тошкент шаҳрида – 2 621 та ҳолат
  • Фарғона вилояти – 1 934
  • Самарқанд вилояти – 1 558
  • Тошкент вилояти – 1 311
  • Жиззах вилояти – 1 237
  • Наманган вилояти – 1 167
  • Сурхондарё вилояти – 995
  • Андижон вилояти – 900
  • Қашқадарё вилояти – 777
  • Бухоро вилояти – 705
  • Сирдарё вилояти – 593
  • Қорақалпоғистон Республикаси – 559
  • Хоразм вилояти – 370
  • Навоий вилояти – 241

«Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. 

Мисол учун, 30 март куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Муқанна кўчасида яшовчи, 1997 й.т. фуқаро А.А. жамоат жойида тиббий ниқобсиз юргани аниқланиб, МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

29 март куни соат 11:00ларда фуқаро Б.Р.га Навоий вилояти, Учқудуқ тумани, «Абай» маҳалласи, Халқлар дўстлиги кўчасида тиббий ниқобсиз карантин қоидаларини бузиб ва спиртли ичимлик ичиб маст ҳолда фуқаролар тинчлигини бузгани учун МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 2-қисми ҳамда 54-моддаси 1-қисмига асосан 10 сутка қамоқ жазоси берилган.

30 март куни Наманган вилояти, Уйчи тумани, «Хизиробод» маҳалласида яшовчи 1986 й.т., фуқаро А.Ю. карантинга олинган бўлса-да, карантин жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетгани аниқланиб, МЖтКнинг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

29 март куни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, «Маҳаллот» маҳалласи, Олмазор кўчасида яшовчи, Қарши шаҳар, «А.Навоий» маҳалласида жойлашган компьютер ўйинлари маркази иш бошқарувчиси 1992 й.т. Э.Ғ. компьютер ўйинлари марказининг иш фаолиятини давом эттиргани аниқланиб, МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисми билан маъмурий жазо чораси қўлланилган.

Таъкидлаб ўтамиз, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндошиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт», – дейилади Ички ишлар вазирлиги ахборотида.

Мавзуга оид