Ўзбекистон | 16:54 / 31.03.2020
7595
2 дақиқада ўқилади

Карантинда ўқишни кўчириш масалалари қандай ҳал этилади?

Чет элда ўқиётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини кўчириш тартибида ўзгариш кутилмаяпти.

Фото: KUN.UZ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов ўқишни кўчириш борасидаги масалаларга ойдинлик киритди.

 «Хорижий давлатларда ўқиётган республикамиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ОТМларига ўқишни кўчириш имкониятига эга. Бу – Вазирлар Маҳкамасининг 293-сонли қарорида аниқ кўрсатилган.

Ўқув йили тугаганидан кейин июль ойининг 15-санасидан ҳужжатларни қабул қилиш бошланади. Аризага мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари бўлган талабалар ариза топширишлари мумкин», – деди Абдували Холиқов 31 март кунги брифингда.

У масофавий таълимда таҳсил оладиган талабаларнинг ўқишини кўчириш бўйича ҳам маълумот берди.

«Ўқишини Ўзбекистондаги таълим муассасига кўчирмоқчи бўлган фуқаролар белгиланган тартибда 15 июлдан 5 августига қадар Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ишчи гуруҳларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин», – деди вазирлик расмийси.

Абдували Холиқов коронавирус туфайли олий таълимда ёзги таътил бўлмаса ёки навбатдан ташқари таътил давом этса, ўқишни кўчириш масаласи қандай бўлишига ойдинлик киритди.

«Бугунги кунда карантин давом этиш вақтига қараб айрим жараёнларнинг амалга ошиш даври ўзгариши мумкин. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги карантин даври тугаши билан тегишли жараёнларни амалга ошириш чоралаларини кўрмоқда», – дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид