Жамият | 19:02 / 31.03.2020
19455
3 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида Ўзбекистон медиаоламидаги ўзгаришлар

Ledokol Group реклама агентлиги раҳбари пандемия даврида медиамаҳсулотлар ва интернет истеъмоли кескин ошгани ҳақида фикрларини эълон қилди.

15 мартда Ўзбекистонда COVID-19 коронавирусига чалинишнинг дастлабки ҳолати қайд этилди.

Дилшод Музаффаров
Фото: Ledokol Group

Айни шу онлардан бошлаб мамлакатда интернетдан фойдаланиш кескин ошгани кузатилмоқда. Бу табиий жараён – одамлар карантин туфайли уйда қолишга мажбур, ёши катталар масофадан туриб ишлашмоқда, болалар эса онлайн дарслар ўтишмоқда. Аммо энг муҳими, тезкор ахборот олишга бўлган талаб кескин ошди ва бунинг учун энг қулай восита сифатида интернет мос келади. Айнан интернет ташқи олам билан тезкор боғланиш бўйича етакчига айланди.

Ўзбекистондаги маҳаллий йирик реклама агентлиги бўлган Ledokol Group томонидан янгиликлар етказиш бўйича етакчи сайтлар аудиторияси таҳлил қилиб чиқилди, шунингдек уларнинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган материаллар, онлайн-видеолавҳаларнинг томоша қилиниши бўйича сўнгги икки ҳафтадаги рақамларга баҳо берилди.

Энг оммабоп янгиликлар агентликларининг (Kun.uzDaryo.uz ва Repost.uz) кунлик ўртача аудиторияси бир ярим баробар ошган (+150 фоиз), шу билан бирга фаол сессиялар миқдори икки баробарга кўпайган (+200 фоиз).

Уларнинг телеграм-каналларидаги обуначилари сони ўртача 35 фоизга ошган ва обуначилар қўшилишда давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги (Facebook / Instagram) қамров 25 фоизга ўсиб, бу тармоқларда сарфланган вақт 2020 йилнинг 14 мартига нисбатан 60 фоизга кўпайган.

Онлайн-видео (YouTube) кўриш ҳажми ҳам деярли 2 баробар (+190 фоиз) ошган. Контекс-медиа тармоқлар (Google Display Network) қамрови ва трафиги (клик ва намойишлар) тахминан бир ярим баробар ўсган.

«Фикримизча, бу ҳолат брендлар учун ўз аудиториялари билан мустаҳкам коммуникацияланиш учун ажойиб имкониятдир. Чунки интернет аудитория анча ошган ва ўсишда давом этмоқда. Тектоник силжиш бошланди — одамлар ҳаётида дижитал ўрни кучаяди. Брендлар ўсиши учун бундай вазиятда нафақат ТВ орқали тақдим этилиш, балки интернетда ҳам пухта ўйланган digital-стратегияга эга бўлиш жуда муҳим» дейди Ledokol Group раҳбари Дилшод Музаффаров.

Аудитория ҳажмида сезиларли ўсиш қайд этилаётган шу кунларда Kun.uz сайтида реклама бўйича катта чегирмалар ҳам берилаётгани эътиборга молик. 

Мавзуга оид